Фермер хам новатор бўлсин

Ўзбекистон ёш фермерлари кенгашининг Навоий вилояти бўлими томонидан Хатирчи туманида олимларимизнинг илмий ишланмаларини қишлоқ хўжалиги тармоғида тезкорлик билан татбиқ этишга бағишланган семинар ташкил қилинди. Унда ҳудуддаги ёш фермер ва тадқиқотчилар қатнашди.

— Соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш, ўқиб-изланишни канда қилмаслик ҳар қайси фермер учун муваффақият омилидир, — дейди “Jahon-97” фермер хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Истамов. — Фаолиятимни пахта ва ғалла етиштиришдан бошлаганман. Аста-секин боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик ҳамда балиқчиликни ҳам йўлга қўйдим. Бугунги семинарда сафдошларим билан ўзаро фикр алмашиш имконияти яратиб берилганидан хурсандман.

Тадбир давомида кўп тармоқли фермер хўжалик­ларини бошқариш, инновацион технологиялар асосида Навоий вилоятидаги ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашга доир маърузалар тақдим этилди. Тупроқ шўрланишининг олдини олиш ва минтақа шароитига чидамли экинлар етиштириш бўйича тегишли таклифлар берилди

Бундай семинарлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилмоқда.

Сардор БЕКЖОНОВ

 

Fikr bildirish