Чинорга айланаётган ниҳол

Олмаота. Бастакор Аҳмад Жўбанов хотирасига бағишлаб ўтказилаётган халқаро танловда ўзбек қизи кўнгилларни сел қилиб соз чалмоқда. Ижро тугагач, зал уни гулдурос қарсаклар билан олқишлади. Ҳакамлар ҳайъати Р.Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқий академик лицейининг 8-синф ўқувчиси Дилноза Асадовани 1-ўринга лойиқ топди.

Ижродан ҳайратланган Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Улуғбек Имомов ўшанда ёш истеъдод соҳибининг устози — Дилором Ботировага қарата: “Созанда эмас, гавҳар олиб келибсиз, лекин виолончели чатоқроқ. Шундай соз билан ҳам ижрони қойиллатди-я. Дилнозанинг ютуққа эришиши, аввало, сизнинг, қолаверса, ўзининг-да заҳматли меҳнати ҳосиласи”, — дея алоҳида ташаккур билдирганди.

Санъатга меҳр Дилнозага қон билан сингган. Отаси ва амакилари ҳам ижодкор. Уч ярим ёшида уйидагилари қизалоққа миттигина пианино олиб беради. Дилором Ботировадан сабоқ ола бошлагач эса, қаҳрамонимиз виолончель чалишни ўрганди. Мухтор Ашрафийнинг “Сўзсиз қўшиғи”, “Чаман ялла” халқ куйи, қолаверса, чет эл бастакорларининг мураккаб асарларини мароқ билан ижро этарди.

Тўққиз ёшида Дилноза Асадова Санкт-Петербургда ўтказилган ёш ижрочиларнинг “Кумуш камертон” халқаро танловида биринчи ўринни эгаллаб қайтди. Бу илк ютуғи эди.

Дилноза қўшиқчилик борасида ҳам тинмай изланади. Ҳозирда у ўзини классик, халқ, эстрада йўналишларида синаб кўрмоқда. “Наманганнинг олмаси”, “Ушшоқ” “Дурдона” каби қўшиқларни маҳорат билан куйлай олади.

— Етук шогирд тарбиялаш игна билан қудуқ қазишдек гап, — дейди Дилором Ботирова. — Албатта, шогирд ҳам бунга тайёр туриши даркор. Дилнозани олти ёшида синфимга қабул қилганман. Меҳнатсеварлиги сабаб тенгдошларидан анча ўзиб кетди. Ундаги масъулият, топшириқларни ўз вақтида бажаришини кўриб қувонаман. Санъат боғига қадаган ана шундай ниҳолларимиз, насиб этса, эртага чинор бўлади.

Ҳа, олдинда ҳали қанча пиллапоялар турибди. Дилноза айни кунларда пойтахтимизда бўлиб ўтаётган академик чолғулар, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича “Истеъдод” II халқаро танловида иштирок этмоқда. Мазкур ижодий беллашувда ҳам ёш созандага муваффақият­ ёр бўлишига тилакдошмиз.

Насиба АБДУЛЛАЕВА

 

Fikr bildirish