ҚАШҚАДАРЁ: муаммоларга ечим излаб

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида “Ёшлар ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Лойиҳа доирасида етакчи ва сардорлар учун психологик тренинглар, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва ажримларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, ёшлар орасида тадбиркорлик, фермерликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича очиқ мулоқотлар, кам таъминланган оила вакиллари, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганлар ҳамда уюшмаган ёшлар учун меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, йигит-қизларни қийнаётган кўплаб муаммоларга ечим топилмоқда.

 

Аҳвол чатоқ-ку!

Касби озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш коллежида тумандаги ёшлар масаласи­га масъул мутасадди­лар иштирокида ўтказилган учрашув чоғида бугунги кунда ҳудудда тўрт минг нафарга яқин тенгдошимизнинг бандлиги таъминланмагани маълум бўлди. Жумладан, “Оққамиш” маҳалласида 2 минг 113 нафар ёш истиқомат­ қилади. Уларнинг беш юз нафари доимий иш жойига эга эмас. Юз нафарга яқини эса, хорижий мамлакатларда меҳнат қилмоқда.

Умуман олганда, Касби туманида ёшлар билан ишлаш масаласини қониқарли деб бўлмайди. Ёшлар иттифоқининг маҳаллий кенгаши ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмас экан, аҳвол шу зайлда давом этиши аниқ. Ҳафталик давомида масъуллар ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишига умид қиламиз.

 

Кредит ололмай овора-сарсон…

 Косон тумани аҳолисининг 170 минг нафардан зиёдини ёшлар ташкил этади. Уларни бир ғоя атрофига бирлаштириш, муаммолари ечимида кўмакдош бўлиш мақсадида таълим даргоҳлари, корхона ва муассасаларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 155 та бошланғич ташкилоти, қолаверса, Иттифоқнинг туман кенгаши қошида бир қанча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бироқ…

Туманда 8 минг 929 нафар уюшмаган ёш мавжуд. Янада ачинарлиси, асосий салмоғи хорижда ишламоқда. Жорий йилда ҳам 504 нафар ёш иш қидириб, чет элга йўл олгани маълум. 3 минг 700 нафари эса, аксинча, ватанига қайтиб келган. Аммо уларнинг 14 нафари ишга жойлаша олган, холос.

Ишчи гуруҳи вакиллари ёшлар билан боғлиқ шу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур кўрсатмалар берди. Ёшлар ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришдан қочмади.

Хусусан, “Арабхона” маҳалласида яшовчи Суннатилла Муродов туячилик, Элёр Омонов чорвачилик билан шуғулланиш учун банкдан имтиёзли кредит олишда қийинчиликка дуч келганини айтди. Муаммо тез орада ҳал қилиб бериладиган бўлди.

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти мутахассислари томонидан ҳудуддаги бошланғич ташкилот етакчилари ва маҳалла посбонлари учун ташкил этилган ўқув-семинарида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди

 

Давомат суст. Нега?

Муборак туманидаги ўрганишлар натижасида ҳудуддаги мавжуд академик лицей, касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг дарсга қатнаш кўрсаткичи паст экани аниқланди. Баъзи умумтаълим мактабларида ўқувчилар белгиланган меъёрдан икки-уч баробар ортиқ бўлиб, ўқиш икки, ҳатто уч сменада ташкил қилинган. Бу эса, таълим сифати ва ўзлаштириш кўрсаткичларига ўз таъсирини ўтказмоқда. Ҳудуддаги спорт мактабларининг фаолияти ҳам ҳавас қиларли даражада эмас.

 

Тўйга марҳамат!

 ўузор молия-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ташкил этилган очиқ мулоқотда ёшлар таълим муассасалари ва маҳаллий кенгашда тўгараклар сони етарли эмаслигидан шикоят қилиб, компьютер саводхонлиги курсларини ташкил этишда амалий ёрдам сўради. Шу бў­йича мутасаддиларга тегиш­ли топшириқлар берилди.

Мулоқот Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш маркази ходими Дилобар Мирвосилованинг семинар-тренингига уланиб кетди. Мутахассис бош­ланғич ташкилот етакчиларига болалар билан ишлаш, уларнинг  истеъдодини юзага чиқариш юзасидан зарур маслаҳатлар берди.

Куннинг энг эсда қоларли воқеаси “Орзу” тўйхонасида ўтказилган ихчам тўй бўлди. Икки ёшнинг бахт оқшомига атиги 160 нафар киши таклиф қилинди. Уларга ҳокимликнинг махсус совғаси ҳамда икки кишилик саёҳат чиптаси топширилди.

 

Тизим маъғул келди

Ёшлар ҳафталиги давомида республика ишчи гуруҳи вилоятнинг олис ҳудудларидан ҳисобланган Деҳқонобод туманида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мутахассислар маҳаллама-маҳалла юриб, ҳар бир хонадон соҳиблари ҳолидан хабар олди. Шундан сўнг улар Ёшлар иттифоқининг “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонасидаги бошланғич ташкилот фаолияти билан танишди. Корхонада ёшлар учун яратилган шароитлар, улар билан ишлаш тизими самарали йўлга қўйилган. Ҳар йили етакчи тавсияси билан касб-ҳунар коллежи битирувчилари ишга қабул қилинмоқда. Ишчи гуруҳи аъзолари ушбу тизимни бошқа корхона ва ташкилотларда ҳам оммалаштириш зарурлигини қайд этди.

 

Гулшоданинг китоби чоп этилади

Қамаши педагогика-иқтисодиёт коллежида ўтказилган учрашувда қамашилик ёшлар фаоллигини намоён этди. Улар ўзларини қийнаётган масалалар билан мутасаддиларга мурожаат қилди. Ишчи гуруҳи аъзолари йигит-қизларни диққат билан тинглаб, муаммоларнинг аксариятини жойида ҳал қилди.

Хусусан, ёш ижодкор Гулшода Маҳмудова ўзи ва тенгдошларининг ижод намуналарини чоп этишда амалий ёрдам сўради. Унинг бу илтимосига туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Шомурод Юсупов ҳамда Ёшлар иттифоқининг Қамаши тумани кенгаши раиси Ризамат Ҳайдаров хайрихоҳ бўлди.

56-умумтаълим мактаби ўқувчиси Сетора Абдураҳмонова эса, мактабда спорт зали йўқлиги, тўгараклар ишламаслигини айтди. Ҳудуд мутасаддилари айни пайтда туманда спорт залига эга бўлмаган яна бир нечта мактаб борлигини айтиб, 2020 йилга қадар бу муаммони ҳал қилишга ваъда берди.

 

Мутасаддилар қаерга қараяпти?

Ҳафталик давомида мутахассислар Яккабоғ туманида ёшлар масаласи бўйича қилинаётган ишлар билан танишди. Афсуски, бу ерда ҳам қувонтирадиган жиҳатлар оз.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда Ёшлар иттифоқи ўртасида умуман алоқа йўлга қўйилмаган. “Камалак” болалар ташкилоти раиси ҳам ўз вазифасини тўлиқ билмайди. Туман ҳокимлиги ва Ёшлар иттифоқи маҳаллий кенгашининг масъулиятсизлиги сабаб “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилмаган.

“Совунбулоқ” маҳалласи ёшларининг сунъий футбол майдончаси қуришни сўраб қилган мурожаати эътиборсиз қолган. Қорамунча агросаноат касб-ҳунар коллежи директори эса, электр токини кўп сарфланаётганини баҳона қилиб, шу ерда фаолият юритаётган тўгаракни ёпиш ҳаракатига тушган. Мамлакатимизда ёшларга шунча эътибор қаратилаётган бир пайтда Яккабоғдаги мутасаддиларнинг боқибеғамлигини қандай тушуниш мумкин?

Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш маркази вакиллари туман маҳаллаларидаги ижтимоий муҳит, оилалар мустаҳкамлигига дарз кетиш сабабларини ўрганди. Аҳоли билан бўлган самимий мулоқот ва учрашувлар натижасида аксарият муаммолар иқтисодий етишмовчилик, ишсизлик ва носоғлом маънавий муҳит сабабли келиб чиқаётгани аниқланди. Бу ҳолатлар ота-­она, фарзандлар, эр-хотин ўртасида зиддиятларни юзага келтирмоқда. Мутахассислар уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрмоқда.

 

Абдураҳмон ЖЎРАЕВ,

Шавкат КАРОМОВ,

Акбаржон АБДУРАИМОВ

 

Fikr bildirish