Қичқириқ канали бўйида замонавий иншоотлар қад ростламоқда

Ҳеч эсимдан чиқмайди, хориждан келиб дарс берган ўқитувчимиз Ўзбекистондаги ноёб тузилма — маҳалла институти фуқароларнинг ташаббуси билан ташкил этилиши ва тарбия ўчоғи вазифасини бажариб келаётгани ҳақида эшитиб: “Шунақаси ҳам бўлиши мумкин экан-да”, — дея ҳайратланганди.

Бугун маҳаллаларимиз файзига-файз қўшилмоқда. Давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор туфайли улар обод мас­канларга айланаётгани ғоят қувонарли ҳол. Масалан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Қичқириқ” маҳалласи ҳудудида бутун бошли маданият ва истироҳат боғи барпо этиляпти. Ташаббус Президентимизнинг ўзидан чиққан.

— Бизда йигирма иккита кўп қаватли уй бўлиб,
1 минг 500 дан ортиқ оила истиқомат қилади, — дейди маҳалла раиси Панжи Сойипов. — Қичқириқ канали атрофи чакалакзорга айланиб кетгани учун ҳатто кундуз куни ёнидан ўтишга қўрқардик. Мана энди манзара буткул бошқача тус олмоқда. Ҳадемай, бу ерлар сўлим гўшага айланиши ҳақида ўйлабоқ қалбимиз қувончга тўлади.

Янги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида нуронийлар маскани ҳам жойлашиб, чойхона ва аския маркази, Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналарни барпо этиш режага киритилган.

Бир вақтнинг ўзида маҳаллада янги амфитеатр, оилавий поликлиника, иккита чўмилиш ҳавзаси ҳамда тўртта болалар майдончаси ҳам қурилиб битказилмоқда.

— Олиб борилаётган бунёдкорлик ишларидан қўшни “Олтинсой” маҳалласи аҳли ҳам беҳад мамнун, — давом этади
П.Сойипов. —Ахир, кўркам, баҳаво жойларда кимнинг яшагиси келмайди, дейсиз. Дам олиш ёки байрам кунларида фарзандини истироҳат боғида айлантирмоқчи бўлган ота-она шаҳарнинг фалон манзилига йўл олишига тўғри келарди. Ишончим комилки, энди бундай муаммо юзага келмайди.

Қичқириқ канали бўйи­даги янги иншоотларни мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Тўмарис АЪЗАМ

 

Fikr bildirish