Psixolog maslahati

— Бир ҳамкасбим билан ўн йилдан буён бирга ишлаймиз. Шу вақт ичида у бўлим бошлиғи даражасига кўтарилди. Лекин энди феъл-атворида манмансираш аломатлари сезилмоқда. Ишга муносабати ўзгариб, анча совуққон ва вазифасини қўл учида бажарадиган бўлиб қолган. Тағин худда анча йил хизмат кўрсатганини пеш қилгандек, “менга ҳамма нарса мумкин” қабилида иш тутади. Мазкур ҳолат жамоанинг ғашига тегиб, норозилик кайфиятини уйғотмоқда. Бу кетишда ички муҳит батамом бузилиб кетишидан қўрқаман. Қандай қилиб ноқобил ходимимизнинг “эсини киритиб қўйсак” бўлади?

 Фазилат ЖАББОРОВА Ангрен шаҳри

Саволга амалиётчи психолог Луқмон КАЗАКОВ жавоб беради:

— Ҳар қайси меҳнат жамоасида хизмат этикаси, деган тушунча устувор туриши шарт. Бу — ёзилмаган қоидалар мажмуидир. Ходим сифатида зиммангизга муайян вазифалар юкландими, ўша корхона ёки ташкилотда неча йил фаолият кўрсатишингиздан қатъи назар, уларни тўлиқ, тўғри ва сидқидилдан бажаришингиз зарур. Қолаверса, манмансираш, бошқалар билан муносабатларни бузиш яхшиликка олиб келмаслигини ҳам эслатиб қўяйлик. Мана шу нарсаларни ҳамкасбингизга ётиғи билан тушунтиришга уриниб кўринг. Ўзини ҳаммадан устун қўйиши ўзаро адоватни келтириб чиқаришдан бошқасига ярамаслигини уқтиринг. Шунда ҳам инсофга кирмаса, ноқобил ходим билан орани очиқ қилиб қўя қолган маъқул.

 

Fikr bildirish