Psixolog maslahati

— Ўғлим ўн ёшда. Мақтанчоқ бўлиб қолган. Дўстларини калака қилади. Ўзидан катталарга ҳам қўпол муомалада бўлмоқда. Бунинг сабаби нимада? Шундай вазиятда қандай йўл тутган маъқул?

 Дилдора ЭШМУРОДОВА Қамаши тумани

 

Саволга психолог Лутфилла ТУРСУНОВ жавоб беради:

— Ота-она меҳри икки хил бўлади. Биринчиси, биологик-психологик хусусиятга эга бўлиб, фарзандини бағрига босиш, эркалатиш, ижтимоий эҳтиёжларини қондириш бунга яққол мисолдир. Гўзал тарбия бериш ҳам шулар жумласидан. Бу турдаги меҳр болага қанчалик кўп берилса, у жамиятдаги ўз ўрнини топишда қийналмайди. Бордию, мосуво этилса, руҳиятида салбий ўзгаришлар намоён бўлиши аниқ.

Сиз тасвирлаган ҳолат, меҳрнинг иккинчи тури, яъни боланинг ортиқча эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ. Ҳаддан кўп кийим-кечак, зеб-зийнат, ўйинчоқлар олиб бериш тарбиянинг бузилишига олиб келади. Афсуски, бугун баъзи ота-оналар оқибатини ўйламай иш тутмоқда. Натижада ўғил-қизларда мақтанчоқлик, кибр, ўзгаларни ҳурмат қилмаслик, тенг­қурларини менсимаслик каби иллатлар шаклланади. Бундай вазиятда болани қаттиқ койиш ёки бирон нарсасидан маҳрум қилиш керак эмас. Унда кучли норозилик кайфиятини уйғотганингиз қолади.

Фарзандингизга ётиғи билан мақтанчоқлик иллат эканини тушунтиринг. Ҳамма нарсага ўз кучи ва билими орқали эришиши зарурлигини уқтиринг. Аста-секин янги кийим ва ўйинчоқлар олиб беришни камайтириб, бошқалардан зиёда эмаслигини ҳис қилишига кўмаклашинг.

 

Fikr bildirish