Psixolog maslahati

— Турмуш ўртоғим билан оила қурганимизга беш йил бўлди. Охирги икки-уч ойдан буён мени бир ғалати ҳолат безовта қилмоқда: эримни бесабаб қаттиқ рашк қиладиган бўлибман. Бутун фикру зикрим шу бемаъни хаёл билан банд. Худди бу фикрни кимдир мажбуран сингдираётгандек. Жуда хавотирдаман! Маслаҳат беринг, нима қилсам бўлади?

Лобар ДЎСТМАТОВА Янгийўл тумани

 

Саволга амалиётчи психолог Луқмон КАЗАКОВ жавоб беради:

— Аслида рашк инсоннинг нормал психологик ҳолатига киради. Лекин у сурункали тус олса ва борган сари кучаяверса, охир-оқибат, сизни касал қилиб қўйи­ши аниқ. Қаттиқ сиқилиш нафақат мияни, балки бутун организмни толиқтириб, биринчи навбатда, юракка оғир ботишини зинҳор унутманг.

Сизда рўй бераётган ҳолат ўзингизга бўлган ишончнинг сустлигини кўрсатиб турибди. Эҳтимол, ўзингизни чиройли, жозибадор ва бетакрор, деб ҳисоб­ламаётгандирсиз. Бундай кайфият аёл кишини хуноб қилади. Даставвал, ташқи қиёфангизни ўзгартиришни маслаҳат бераман. Бошқача соч турмаги, пардоз, ўзгача услубдаги кийимларни танланг. Рашк ҳисси ичингизни ҳадеб тирнайвермаслиги учун хаёлни чалғитиш керак. Масалан, дугоналар билан сайрга чиқиш, кино ёки театрга бориш, ижтимоий ташаббусларга бош қўшиш мумкин. Хуллас, турмуш ўртоғингиз усиз ҳам мароқ билан вақт ўтказа олишингизни, мустақил ва кучли бўлиш қўлингиздан келишини кўриб қўйсин. Шунда сизни йўқотишдан қўрқиб, ўзи талпина бошлайди.

Яна бир маслаҳат: рашкни енголмай, безовталаниб юргандан кўра, мазкур ҳолат юзасидан жуфтингиз билан бамайлихотир гаплашиб олганингиз маъқул. Агар у сизни тўғри тушунса, албатта, ёрдам беради. Бироқ баъзи эркаклар табиатан дилозор бўлгани боис, аёли шусиз ҳам қийналаётганини била туриб, пайт пойлаб, рашкини баттар алангалатишга ҳаракат қилади. Бундай вазиятда психолог ҳузурига келишдан ўзга чорангиз йўқ.

 

Fikr bildirish