«Замонавий» нилуфарлар

Институт остонасига илк қадам қўйган куни танишган, турли ҳудудлардан келган йигит-қизларнинг баъзилари вақт ўтиб ўзгариб қолади. Уларнинг кийиниши ва сўзлашуви, ҳатто салом-алигидаги калондимоғликни сезиб, жаҳлингиз чиқиши тайин. Ўзлигини унутиб, ўзга “дунё”ларга “учиб кетгани”га ачинасан, киши.

“Сочим халақит берди”

Нилуфар — қишлоқдошим. Шаҳарга келганида сочи солланиб, тақимини ўпарди. Кўрганларнинг ҳаваси келарди. Орадан бироз вақт ўтиб, Талабалар кунини нишонлайдиган бўлдик. Шаҳримиздаги маданият саройида ўтказилган тадбирга Нилуфар бироз кечикиб келди.

Уни кўриб ҳайратдан донг қотдик. Узун сочларидан асар ҳам йўқ. Калта қилиб кесилгани етмаганидек, алламбало қилиб турмакланган. Пардоз-андозини айтмайсизми. Хуллас, ғашимиз келди. Сабабини сўрасак: “Дарс қилишга сочим халақит берди”, — деб қўя қолди.

 “Дайди диллар”

 Кунлар исиши билан шаҳримизнинг сўлим гўшаларию маданий дам олиш масканларида  хаёлий саробга талпинган “дайди диллар” кўпайиб қолади. “Севги ўйинлари”га берилиб кетган ёшларнинг беандишалигидан одамлар уялиб ўтади. Беихтиёр ёқа ушлайсан, киши. Эсиз, оёқости бўлган ор-номус, иффат, ибо ва ғурур! Бугун ўзига бино қўйиб олган қанчадан-қанча қизлару, ҳирс йўлида оввораю сарсон йигитларни кўриб: “Садқайи одам кет-э!” — дегинг келади.

 “У онам эмас, қўшнимиз!”

 Дарсимиз ҳар галгидан эрта тугади. Нилуфар негадир безовта. Институт дарвозасидан чиқар эканмиз, қуёш тафтидан кўйлагининг ранги ўчган, рўмоли ҳам бироз эскирган, оёғидаги шиппаги титилган қўшнимиз Робия холага кўзим тушди. Ўзимизнинг содда қишлоқ аёли. Хола бизни кўрди-ю, ҳол-аҳвол сўраша кетди. “Қизимнинг дугоналаримисиз? Мен Нилуфарнинг онасиман. Контра­гини тўлагандим. Шунинг қоғозини бериб кетай девдим. Уйга боринглар! Патир, сомса пишириб бераман”.

Ўзига ўхшаш “замонавий” қизлар билан орқароқда келаёт­ган Нилуфар онасини кўриб, хижолат бўлиб кетди. Юзлари олмадек қизарди. Эътибор бермасликка ҳаракат қилдик, аммо ҳар ким ўзича хулоса чиқараётгани аниқ эди.

Эртаси куни ҳар доимгидан-да “очилиб-сочилиб” кетган Нилуфар: “Эй қизлар, кечаги аёл онам эмас, қўшнимиз эди”, — деб изоҳ берди…

 Дилноза АБДУҲАМИДОВА

 

Fikr bildirish