Илмталаблиги — ютуғи

Бугунги ёшларга берилаётган имконият ва яратилаётган шароитларни кўриб, ҳавасинг келади. Бундай эътиборга муносиб бўлмаслик уят. Шукрки, юртимизда илмталаб ва интилувчан йигит-қизлар оз эмас.

Улардан бири Нафосат Зарипбоева маърифат чўққиларини забт этмоқда. Тенгдошимиз пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган  давлат умумтаълим мактабида таҳсил олади. Жорий йилда Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Ихтирочи аёллар уюшмаси томонидан респуб­ликада илк бор ташкил этилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” танловида иштирок этиб, “Ўқувчи ва талаба-қизларнинг энг истиқболли инновацион  ғояси” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Нафосат ўз лойиҳасида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига хорижий, масалан, инглиз ёки рус тилларини ўқитиш асносида миллий менталитетни сингдириш мумкинлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурган. Шу билан бирга, муаллиф хитой файласуфи Конфуцийнинг “Айтсанг – унутаман,  кўрсатсанг – эслаб қоламан,  ўзим бажарсам – англаб етаман” ҳикматига асосланиб, чет тилини ўқитишнинг янги усулларини ҳам яратди. Улар таълим-тарбия жараёнида самарадорликка эришишда асқатса, ажаб эмас.

Қаҳрамонимиз болаликдан билимга ташна. Бу сифатни унга ота-онаси юқтирган. Нафосат ёш бўлишига қарамай, Россия, Япония, Хитой, Қозоғистонда ўтказилган бир қанча халқаро танлов ва анжуманларда қатнашиб улгурди. Қолаверса, 2014 – 2016 йилларда республика миқёсида ўтказилган фан беллашувларида муваффақиятга эришган. 2017 йилда Москва давлат педагогика университетида ўтказилган мақолалар танловида ҳам ғолиб бўлди.

Интилганга толе ёр, дейдилар. Нафосат Зарипбоева олдига юксак мақсадлар қўйиб яшайди. У ҳаракатдан сира тўхтамайдиганлардан. Шундай ёшларнинг сафи тобора кенгаяётгани, шаксиз, Ўзбекистонимиз ютуғидир.

Мадинабону ҲАМРОЕВА

 

Fikr bildirish