Имтиёзли кредит ҳақида 7 маълумот

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияномаси асосида тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани ҳақида кўпчилик эшитган бўлса керак. Мазкур мавзуга доир бир қатор саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Иттифоқ Марказий Кенгаши ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўлими мудири Феруз Аблаяров билан блиц-интервью ўтказдик.

—    Имтиёзли кредит кимларга ва қанча миқдорда берилади?

Ф.А.: Имтиёзли кредитларни юридик шахс мақомига эга бўлган ва бўлмаган ёш тадбиркорлар олиши мумкин. Биринчи тоифа учун кредит миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 3000 бараваригача (ҳозирги кунда 516 миллион 720 минг сўм), иккинчисига эса, 1000 бараваригача (172 миллион 240 минг сўм) этиб белгиланган.

— Тадбиркорликнинг қайси йўналиш­лари имтиёзли кредитланади?

Ф.А.: Уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, наслли чорвачилик, қуён боқиш, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривож­лантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кўрсатиладиган техник хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;

– ихчам иссиқхоналарни қуриш, мева-сабзавотчиликда ишлатиладиган қишлоқ хўжалик техникалари ва механизмларини сотиб олиш;

– янги боғ ва токзорларни барпо этиш, илғор замонавий, шу жумладан, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш;

– озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хомашё ва материалларни қайта ишлаш, ҳунарманд­чиликни ривожлантириш, касаначилик меҳнатини ташкил этиш, бинокорлик материаллари ишлаб чиқариш;

– аҳолига маиший, тиббий, сайёҳлик ва меҳмонхона хизматларини, шунинг­дек, автомобиллар ва бошқа техник воситаларни таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатиш.

— Кредитнинг йиллик фоиз ставкаси қанча?

Ф.А.: 13 фоиз.

— Муддати-чи?

Ф.А.: Уч йилгача. Шунда ҳам кредит олган шахсга олти ойгача муддатда фақат фоиз суммасини тўлаш имкони берилади. Асосий қарзни қайтариш эса, имтиёз даври тугагандан сўнг амалга оширилади.

— Имтиёзли кредит учун таъминот ҳам талаб этиладими?

Ф.А.: Албатта. Кредит олувчи банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этиши мумкин:

мол-мулк гарови;

банк ёки суғурта компаниясининг кафолати;

учинчи шахс кафиллиги (агар кредит миқдори иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача бўлса);

қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилингани тўғрисидаги суғурта полиси ва қонунчиликда кўзда тутилган бошқа таъминот тури.

— Дарвоқе, лойиҳани амалга оширишда Ёшлар иттифоқи қайси банклар билан ҳамкорлик қилмоқда?

Ф.А.: “Миллий банк”, “Микрокредитбанк”, “Агробанк”, “Ипотекабанк” ва “Халқ банки” билан.

— Имтиёзли кредитни олиш тартиби ҳақида ҳам тўхталсангиз?

Ф.А.: Ёш тадбиркор Иттифоқнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар кенгашига мурожаат қилиши керак. Унинг бизнес режаси ҳудудий кенгашлар қошидаги комиссия томонидан кўриб чиқилади ва тегишли қарор чиқарилади.

 

Гулчеҳра АШУРОВА тайёрлади.

 

Fikr bildirish