Истеъдодлар парвози

Оҳангарон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида республикамиз бўйлаб “Ёшлар — келажак бунёдкори” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар фестивали” доирасидаги танловларнинг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 Даставвал Ёшлар иттифоқи томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Таъкидланганидек, фестиваллар иқтидор соҳибларини кашф қилишга кўмак бермоқда.

Тадбир том маънода дўстлик учрашувига айланиб кетди. Боиси унга Татарис­тон Республикаси спорт ва ёшлар вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Галифулин бошчилигидаги делегация ҳам ташриф буюрди. Иттифоқнинг Тошкент вилояти кенгаши раиси
Дониёр Каримов икки давлат ёшлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласида меҳмонлар билан фикр алмашди.

Якунда фестиваль ғолиб­лари иштирокида концерт ташкил этилиб, унда татарис­тонликлар ҳам ўз бадиий чиқишларини намойиш этди. Шўх қўшиқ ва рақслар барчага хуш кайфият улашди

***

Фестивалнинг Қашқадарё вилояти босқичи ҳам унутилмас таассуротларга бой бўлди. Танловларда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 205 нафар ўғил-қиз истеъдодини намойиш этди. Уларнинг баҳсларини соҳа мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Якунда барча йўналиш­ларда ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

***

“Ёшлар фестивали”нинг Фарғона вилояти босқичида 36 жамоа ва 42 нафар яккахон  иштирокчи маҳоратини синовдан ўтказди.

Фарғона санъат коллежида бўлиб ўтган беллашувда ёшлар чолғу ансамбллари ва оркестрлари йўналиши бўйича қатнашаётган барча ансамбль, оркестр жамоалари ўзбек миллий, дамли, торли, эстрада ва симфоник чолғу асбобларида ўз дастурларини маромига етказиб ижро этди.

Танловда “Ёш қўшиқ ижрочилари”, “Академик вокал (опера хонандалиги)”, “Анъанавий мумтоз қўшиқчилик”, “Ёшлар чолғу ансамбллари ва оркестри (дамли ва зарбли чолғулар)”, “Ўзбек миллий халқ чолғу ансамбли ва оркестри” каби йўналишларда ғолиблар аниқланди. Энди улар фестивалнинг финал босқичида вилоят­ шарафини ҳимоя қилади.

Мухбирларимиз.

 

Fikr bildirish