Мирзачўллик фидойилар қишлоғини обод этмоқда

Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси — Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбаев Мирзачўл туманидаги бунёдкорлик ишларига беминнат ҳисса қўшаётган “Фидойи ёшлар” отряди аъзолари билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилган “Обод қишлоқ” дастури доирасида Мирзачўлнинг бир қанча олис манзиллари таниб бўлмас даражада ўзгармоқда. Минг-минг­лаб одамлар дилидаги орзу-истаклар рўёби йўлида қилинаётган ушбу хайрли ҳаракатга ёшлар ҳам баҳоли қудрат бош қўшаётгани қувонарли ҳол. Ўз қишлоғини обод этиш истагидаги қалби қайноқ йигит-қизларни бирлаштириш мақсадида Ёшлар иттифоқи томонидан жойларда “Фидойи ёшлар” отрядлари ҳам тузилди. Ушбу гуруҳлар асосан янги уй-жойлар, маъмурий бино, маиший хизмат, савдо объектлари қурилишида банд.

Қаҳрамон Қуранбаев мирзачўллик ёш бунёдкорлар билан дилдан суҳбат қурар экан, уларнинг шаҳду шижоати, юрт равнақига камарбасталигини юқори баҳолади ва барчасига миннатдорлик билдирди. Туманда ёшларнинг ҳаётини яхшилаш, муаммоларига ечим топиш борасида ҳам фикр алмашилди. Жўяли таклифлар инобатга олиниб, амалий кўмак бериладиган бўлди.

Элдор НАВРЎЗОВ

 

Fikr bildirish