Муҳими қалб тарбияси

Дарсга шошяпман, йўловчи машина тўхтатдим. Орқа ўриндиқда чамаси ўн яшар бола деразадан хаёлчан қараб кетарди. Салом-аликдан сўнг қаерга кетаётгани билан қизиқдим.

Сайёдбек мусиқа ва санъат мактабида ўқийди. Гап-сўзларидан билдимки, у дарслардан сира қониқмайди. Сабаби ўқитувчиси нўноқ. Бир гал тўйга чиқса, бошқа сафар дарс ўтиши кераклиги хаёлидан кўтарилиб, мактабга келмас экан. Аммо боланинг сир бой бергиси келмайди. Сабаби отаси мусиқа билан шуғулланиш эркак кишининг иши эмас, деб айтган. Агар бор гапни уйдагиларига маълум қилса, мактабга жўнатмасликлари аниқ…

Суҳбатдошим мендан олдин тушиб қолди. Вазмин қадамларига қараб, ўйга толдим: қизиқ, эркакка хос иш қандай бўларкан?! Кўп йигитларни биламан, китоб ўқиётган ёки бирон мусиқа асбобини завқ билан чалаётган дўстларини калака қилади. Улар учун ҳаёт фақат моддиятдан иборат. Истардимки, эр киши, аввало, қалбини тарбияласин. Бунга эса, адабиёт ва санъат воситасида эришиш мумкин.

Дилшодбек РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Яккабоғ тумани

Fikr bildirish