Псиҳолог маслаҳати

— Ёшим 25 да. Одамлар билан тез тил топишиб кетолмайман. Давраларда ўз фикримни айтишдан уяламан. Шу боис жим ўтиравераман. Ўзимдаги ана шу нуқсонни қандай бартараф этсам бўлади?

 Даврон МАВЛОНОВ Ангрен шаҳри

 

Саволга амалиётчи психолог Луқмон КАЗАКОВ жавоб беради:

 — Бундай ҳолат кўпроқ меланхолик темпераментга эга инсонларда кузатилади. Одамовилик меланхоликлар табиатига хос хислат. Шунга қарамай, бу типдаги аксарият инсонлар жуда иқтидорли бўлади. Фақат ўша салоҳиятини намоён эта олмайди, холос. Уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш, далда бериб, руҳлантириб туриш керак.

Иккинчи сабабни оиладан қидиришни тавсия қиламан. Агар ёлғиз фарзанд бўлсангиз, эҳтимол, болаликдан мулоқотга тўймай ўсгандирсиз. Ёлғиз фарзанд эмассиз ҳам дейлик. Аммо қачондир, қайсидир вазиятда ота-отангиз фикрингизни бўғиб, сўз айтишга изн бермай келгандир. Бу ҳам боланинг одамовилашишига олиб келади. Охир-оқибат, инсон бошқалар нима дейди, сўзларимни қандай қабул қилади, танқидга учраб қолмасмиканман, деган ўй-хаёл, ҳадик ва хавотир билан муайян давраларда фикр билдириш ҳамда нутқ сўзлашдан чўчийди ёки уялади.

Одамовилик психологик нуқсондир. У болалик, қўйингки, ҳеч бўлмаганда, ўсмирлик даврида аниқланса, инсон муайян тавсиялар асосида ўзини ўзи ўнглаши мумкин. Бироқ 25 ёшда буни амалга ошириш қийин. Албатта, психолог ҳузурига бориш керак. Акс ҳолда тушкунликка тушиб бораверасиз. Ишда, оилада муаммолар юзага кела бошлайди. Шу боис маслаҳатим, вақтни пайсалга солмай, дарҳол психолог ҳузурига боринг.

Fikr bildirish