“Салом, оқ кема, бу мен!”

Атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовни билмайдиган, жилла қурса, асарларини варақлаб кўрмаган китобхон топилмаса керак. Унинг “Оқ кема” қиссаси, айниқса, машҳурдир.

Адиб Мўмин бобонинг набираси, Бекей холанинг жияни образида болаларча самимият ва беғуборликни маҳорат билан кўрсата олган.

Бош қаҳрамон мактабга боргунга қадар бобоси билан бирга ўрмонда яшайди. У ерда дўстлари — “туя”, “эгар”, “бўри”, “яхши” ва “ёмон” тошлар билан суҳбатлашар, орзулари билан бўлишарди. Болакай балиққа айланиб, Иссиқкўлга сузиб боришни ва оқ кемага қараб: “Салом, оқ кема, бу мен!” — деб ҳайқиришни орзу қилган. Чунки хаёлида ўша оқ кемада отаси матрос бўлиб хизмат қилади.

Дарвоқе, Сан-тошдаги ўрмончилик хўжалиги қоровулхонасида бор-йўғи уч оила: болакай, унинг бобоси ва ўгай бувиси, Ўразқул ва Бекей хола ҳамда Сейдаҳмад билан Гулжамол яшайди. Қоровулхонага машина-магазин келганида Мўмин бобо набирасига портфель олиб беради. Бола ўзи учун ниҳоятда қадрли, оқ кемани кузатишга ёрдам берадиган дурбин билан портфелни еру кўкка ишонмай, доимо бирга олиб юрарди. Мактаб­га боргач, ўқишни канда қилмас, мароқ билан дарс тайёрларди.

Мўмин бобо доим ўз юмушлари билан банд. Кўп йил фарзанд кўрмай юрган куёви Ўразқул билан қизи Бекей хола кунда-кунора жанжаллашиши оқибатида унинг ҳам ҳаловати йўқолганди.

Бир қарашда Чингиз Айт­матов қиссада уч оиланинг турмуши ҳақида ҳикоя қилгандек. Аслида ёзувчи жамиятдаги кўплаб муаммоларни ўртага ташлаб, одамларга кўзгу тутади. Бу эса, адибнинг моҳир ижодкор эканидан далолатдир.

Мутолаа давомида ўринли савол туғилади: нима учун қиссанинг номи “Оқ кема”? Ахир, унда асосан, экологик муаммолар ва жамиятдаги иллатлар кўрсатиб берилган-ку?! Фик­римча, муаллиф ўқувчини бола нигоҳи билан дунёга назар солдириб, унинг нақадар ғуборга тўла эканини кўрсатиб бермоқчи. Адиб бу дунёнинг оқ кемадек пок ва тўкис бўлишини хоҳлайди.

Хулоса қилиб айтганда, “Оқ кема” китоб жавонингиз тўридан ўрин эгаллашга муносиб асардир. Уни албатта ўқиб чиқинг.

Отабек ИСРОИЛОВ

 

Fikr bildirish