Талабалар замонавий тенденцияларни таҳлил қилди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари илк бор “Google I/O 2018 Extended” конференциясида иштирок этди. Ҳар йили АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида ўтказиладиган анъанавий анжуман доирасида вакилларимиз масофадан туриб “Google” компаниясининг сўнгги дастурий ишланмалари ҳамда жаҳондаги ахборот технологиялари ривожига доир замонавий тенденциялар билан танишди.

“Google I/O” конференциясининг дастлабки босқичи юртимизда жорий йилнинг февраль ойида ташкил этилганди. Унда турли олий ўқув юртларидан 200 нафардан зиёд талаба, шунингдек, ишлаб чиқарувчи ва дастурчилар қатнашди.

Кенгайтирилган тартибда ўтказилган Сан-Францискодаги тақдимот жараёнида иштирокчилар “Google” компаниясининг янги ечимлари ҳамда “Google Photos”, “Google Assistant”, “Google News”, “Android P”, “Google Lens” каби маҳсулотлари билан танишди.

Кейинги жараён Инҳа университетининг ўзида давом этди. Тадбирда юртимиз IT-компаниялари вакиллари соҳадаги  ёш мутахассислар билан билим ва тажрибасини ўртоқлашди. Амалий сессияларда талабалар жамоаларга бўлиниб, инновацион ёндашувлар асосида мобиль иловалар яратишни ўрганди.

Роҳатой ҚОДИРОВА

 

Fikr bildirish