Юлдуз, инсон, вақт… ва Ўзбекистон

Яқинда Жанубий Кореянинг сайёҳлар учун мўлжалланган “Travie” интернет газетасида журналист Шин Ю Жиннинг шу номдаги мақоласи эълон қилинди. Унда муаллиф Ўзбекис­тонга қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашган.

Ўзбекистонга боришимнинг сабаби

 Эрта тонгдан бирон нотаниш шаҳарга йўл олиш истаги ила уйғондим. Ўзга ўлканинг ифорини туйиб, саёҳат қилгим келди. Харитани кўздан кечира бошладим. Ўзбекистон. Бу ном нотаниш бўлса-да, аммо негадир кўнглимда илиқлик уйғотди. Жорий йил 10 февралдан бошлаб Ўзбекистонга ўттиз кунлик визасиз тизим жорий этилибди. Самолёт чиптасини сотиб олдиму, шу юртга равона бўлдим.

Тошкент шаҳрига келиб қўндик. Меҳмонхонада бизни самимий кутиб олишганидан кўнглим кўтарилди. Шаҳар жозибадор экан. Бу ерда ўзбек халқининг корейсларга бўлган муносабати ва муҳаббатини ҳар қадамда ҳис этдим.

“Хитойликмисиз? Э, йўқ, кореяликсиз.” Шу хитобни деярли ҳар қадамда эшитардим. Одамлар “Тангем” ва “Қиш сонатаси” сериалларини ёдга олди. Мени ҳайрон қолдирган нарса шуки, Тошкентнинг ёрқин архитектурасида юлдузлар ҳам худди тўкилиб турадигандек кўринар экан.

 

Самарқанд — буюк рассом Моненинг ишқи тушиши мумкин бўлган ёрқин шаҳар

Марказий Осиёнинг қадимий кентларидан бири — Самарқанд муҳташам меъморчилиги билан ажралиб туради. Қуёш нурида мовий гумбазлар оқ ва кулранг бинолар оний лаҳзада тўқ сариқ тусга кириб борарди. Буюк француз рассоми Оскар Клод Моне Самарқандни кўрганида Руан қасри ўрнига мана шу обидаларни чизган бўларди, назаримда.

Шоҳи Зинда мақбараси — ҳақиқий буюклик намунаси. Унда кезар эканман, олис тарих қулоқларим остида жарангларди. Регистон Марказий Осиёнинг улкан майдони, деб бежиз аталмаган экан. Самарқанд тонгида Гўри Амир мақбарасини узоқ томоша қилдим.

 

Хива: Ой ёруғида шамол эсади

 Хоразм — Орол денгизи жанубидаги Ўзбекистон жавҳаридир. Қадимда бу заминда юнонлар истиқомат қилган экан. Хоразм ҳануз Шарқ билан ўарбни боғлаб турувчи марказ вазифасини бажармоқда.

Хиванинг таровати ўзгача. Ичан қалъани тарих ва бугун ўртасидаги деворга менгзадим. Қалъа майдони унча катта эмас. Мен тонгда ҳам, тунда ҳам уни томоша қилишдан тўймадим. Айниқса, Жума масжидининг қуёш нурида жилоланиб нур сочишини кузатар эканман, саёҳатчилар бежиз шаҳарнинг сокин тунини кузатиш иштиёқида ёнмаслигини тушундим.

Кун тун билан алмашди. Куни бўйи меҳнатдан бош кўтармаган хиваликлар салқин ҳавода чордана қурганча бир-бири билан самимий суҳбатлашарди. Миноралар аро эсаётган шамол уларнинг товуши ва хаёлларини ҳар томонга элтарди…

 

Нурота: Сомон йўлида гулхан алангаси

Янги бунёд этилаётган, қайта таъмирланаётган уйлар, меҳнатдан завқ олаётган маҳаллий аҳоли, кашта тикаётган аёллар — буларнинг барини гўзал Нуротада кўрдим.

Меҳмонхонага жойлашгач, Айдаркўлга йўл олдим. Манзарани завқ билан кузатдим. Бахтли тасодиф туфайли “Айдар Юрт” оромгоҳи раҳбари билан танишиб қолдим. Унинг таклифига кўра, тунни оромгоҳда тикилган ўтовда ўтказдим.

Оқшомда осмонни томоша қилаётиб Сомон йўлини кўриб қолдим. Қувониб кетдим. Сабаби табиатнинг ушбу ҳодисаси Кореяда кам кузатилади.

Тунда одамлар гулхан атрофида қўшиқ айтарди. Само ёруғлиги ва севинч куйи юлдузларни ҳаракатга келтирганди, гўё.

Бенуқсон гўзал денгиз

Ўзбекистоннинг ғарбида жойлашган Нукус шаҳридан бир пайтлар денгиз саноатининг муҳим маркази саналган Мўйноққа йўл олдим. 60-йилларда собиқ Совет ҳукумати денгизга қуйиладиган дарёлар сувини қишлоқ хўжалигига буриши натижасида Орол сувининг сатҳи кескин камайди. Бир пайтлар катталиги бўйича жаҳонда тўртинчи саналган Орол денгизининг анча қисми қуриб битди. Ҳозир бу ерда “кемалар қабристони” ҳосил бўлган. Абгор аҳволдаги қайиқ ва кемалар саҳрода қичқираётганга ўхшарди. Шунга қарамай, Орол манзараси барибир бетакрор..

Нукусга қайтиб, Савицкий музейига кирдим. Бу ерда Ўзбекистон, Орол тарихи билан батафсил танишдим. Шафқатсиз вақт сабаб шу кўйга тушган бўлса-да, ҳануз мафтункорлигини йўқотмаган Оролнинг келажаги яхшиланишини умид қилган ҳолда ортга қайтдим.

 

Корейс тилидан

Т.Бутунбоева

таржимаси.