Қават-қават жимжимадор китоблар ўқувчига маънавий озуқа бера оляптими?

Тоғамнинг шахсий кутубхонасини тартибга келтираётиб, даста-даста китоблар эътиборимни тортди. “Шабнам”, “Қалдирғоч”, “Болалигим”, “Баҳор соғинчи”, “Орзу”, “Момақаймоқ қўшиғи”, “Қуёш табассуми”, “Бойчечак”… Айрим тўпламларнинг муаллифлари худди катта ижодкорлардек тахаллус қўйиб олган: Моҳи Жаҳон, Малика Бону, Шоҳруҳ Мирзо, Хушноза Бегим, Комрон Бек…

Пиёзнинг пўстидек келадиган, лекин жимжимадор безакли муқоваларини кўриб қизиқишим ортди. Бир-бир варақлашга тушдим. Афсус­ки, тўпламларнинг аксарияти ясама шеъру олди-қочди ҳикоячалардан иборат. Мен маънавият жавоҳирлари деб ўйлаганларим бир пулга қиммат бўлиб чиқди. Ҳайф шунча қоғоз!..

Афсуски, бундай “китоб­ча”лар оз эмасди. Уларни чоп этиш учун қанча маблағ, меҳнат, вақт елга совурилганига ачиндим. Қизиқ, муаллифларнинг мақсади нима? Ўзини кўз-кўз этишми?

Коллеждаги бир курсдошимнинг икки йилда учта китоби нашрдан чиққанди. Ҳавасимиз келган. Ўшандан буён турли кўрик-танловларга фақат унинг номзоди тавсия қилинарди. Директоримиз ҳам фахрий ёрлиқлар билан роса сийлади. Лекин бу ҳолат узоққа чўзилмади. Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиш илинжида қалам тутган дугонамиз биринчи танловданоқ қизариб-бўзариб қайтди. Ҳакамлар ҳайъатини айблашга тушди. Келаси йили яна даста-даста тавсияномаю ижодий ишларни йиғиб, ҳужжатжилдини “семиртирди”. Аммо бу сафар ҳам омади келмади. Шоира қиз хатоларидан тўғри хулоса чиқарса кошки эди. Йўқ, зарда билан қаламини ташлади-ю: “Ҳақиқий истеъдоднинг қадри йўқ экан!” — деган фикрда собит қолди.

Ана холос! Нуфузли мукофотни китоб чоп эттириш “мусобақа”сига айлантириб юбораётган тенгдошларимиз озгина андиша қилса бўлармиди. Ахир, бу танлов қизларни адабиёт, илм-фан, санъат, спорт соҳаларида фаолликка ундаш, ардоқли шоирамиз Зулфияхоним издошларини кашф этишдек хайрли мақсадда таъсис этилган-ку! Бундай пайтда имтиёзни қўлга киритиш эмас, балки Ватанимиз равнақи, иқболию истиқболи ҳақида ўйлаш тўғрироқ бўлади.

Таниқли адибларимиздан бири: “Адабиётга кириш эмас, унда қолиш муҳим”, — деганида нақадар ҳақ эди. Бироқ бугун айрим ёшларнинг адабиётга кириши ҳам, ундан чиқиб кетиши ҳам осон бўлиб, қолди. Эҳ-ҳе, чақмоқдай гумбурлаб, сохта шуҳратнинг умри қисқалигини билиб, алам қилганидан адабиёт бўстонига қўл силтаб кетаётганлар қанча. Албатта, шоли курмаксиз бўлмас. Айрим ҳолатларда танлов ҳакамлари хато қилиши мумкин. Ҳаётни курашлардан иборат деб билганлар бундай пайтда чиниқади, қалами чархланади.

Адабиёт оламига фақат шахсий манфаат илинжида кириб келганлар сўзнинг таъсир кучини сусайтирибгина қолмай, халқнинг сўз санъаткорига бўлган ихлосини қайтариши, обрўсизлантириб, ҳурматини бир пул қилиши ҳам ҳеч гап эмас. Адабиёт ихлосмандлари ўз таъб-дидидаги ижодкорлардан эзгу ғоя билан суғорилган сермазмун ва таъсирчан асарлар кутади. Шу истак билан қалам тебратган фидойиларгина наинки адабиётда қолишга, балки миллион-миллион китобхонлар қалбида яшашга ҳақлидир.

Бадиий ижод хоҳ назм, хоҳ наср бўлсин, ҳаётнинг, инсон ўй-кечинмаларининг инъикосидир. Чўлпон бобомиз: “Адабиёт яшаса — миллат яшайди”, — деб бежиз даъват этмаган. Алишер Навоий асарларисиз дунё маънавияти кемтик бўлиб қоларди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си Шарқ оламидаги номаларнинг энг ҳаётийси ва ҳаққонийси эканига шубҳа йўқ. Лутфий, Огаҳий, Машраб, Нодира, Увайсий, Муқимий ва Фурқатнинг ғазалларисиз мумтоз қўшиқларимизни тасаввур этиш мумкинми? Абдулла Қодирий, Ойбек, ўафур ўулом, Ҳамид Олимжон, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиева яратган ўлмас асарлар неча-неча авлодларнинг умрбоқий тарбиячиси бўлиб келаётгани ҳам рост.

Таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг: “Ўтмишдаги шон-шуҳрат, муваффақият ва парвозлар яхши нарса, албатта! Аммо улар шунақа нарсаки, ҳар бир янги авлод шуҳратга-шуҳрат қўшиб турмаса, эски ютуқлар қаторини янгилари билан бойитиб бормаса, миллатнинг қаноти қайрилиб, парвози сусайиб қолади”, — деган пурмаъно фикрлари айнан ёш қаламкашларга қарата айтилгандек.

Замон тез суръатларда ўзгариб, ислоҳотлар жадаллашиб бормоқда. Олам ва одам янги қиёфа касб этмоқда. Демак, бугун инсоннинг суратию сийрати мукаммал акс этган, ишонарли асарлар сув ва ҳаводек зарур.

Президентимиз 2017 йилнинг 3 август куни мамлакатимиз ижодкорлари билан бўлган учрашувда таъкидлаганидек: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”.

Юртбошимиз ишончини оқлашга, хайрли ишларида кўмак беришга бурчли эканимизни унутмайлик.

Манзура АБДУЛЛАЕВА, талаба

 

Fikr bildirish