1 савога 1 жавоб

— Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузганлик учун қонунчилигимизда қандай жавобгарлик чоралари назарда тутилган?

 Қодирали ҲАБИБУЛЛАЕВ Зангиота тумани

 Саволга ҳуқуқшунос Асрор ЭРГАШЕВ жавоб беради:

— Ўзбекистон Респуб­ликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Шунга кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбу­зарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган тақдирда энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Бундан ташқари, кодекснинг 49-3-моддасида айтилишича, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўлаш бўйи­ча мажбуриятдан бўйин товлаш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима жазоси қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 148-моддасида ҳам муайян жазо чоралари белгилаб қўйилган. Хусусан, ишдан бўшатиш ёки ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорини қасддан бажармагани учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, худди шу қилмишни содир этган шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Яъни, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилиши мумкин. Худди шу чора аёлнинг ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатганлик учун ҳам татбиқ этилади.

(Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши билан ҳамкорликда тайёрланди).

 

Fikr bildirish