Psixolog maslahati

— Ёшим 25 да. Бироқ ҳанузгача ўзимни оила қуришга тайёр эмасдек ҳис қиламан. Ичимдаги қўрқувни енга олмаяпман. Нима қилсам бўлади?

 Феруза ҲАСАНОВА Шаҳрисабз шаҳри

Саволга психолог Акобир АБДУЛЛАЕВ жавоб беради:

— Оила қуришга тайёр эмаслик ҳисси онг остида, масалан, кўрган-эшитганларингиз таъсирида пайдо бўлгандир. Ўзингизга савол беринг: оила қурадиган аёл эгаллаши керак бўлган билим-кўникмаларни ўзлаштирмаганингиз учун хавотирдамисиз ёки мукаммал шахсни излаяпсизми? Агар биринчиси бўлса, масалани тезда ҳал қилиш мумкин. Айтайлик, ўқув курсларига бориб, рўзғор тутумини ўрганса бўлади.

Борди-ю, идеал инсонни кутаётган бўлсангиз, вазият бироз мураккаброқ. Чунки бу дунёда ҳеч ким мукаммал эмас. Эркак ва аёл оила қургач, бир-бирини тўлдиради. Сизда йўқ хусусиятлар турмуш ўртоғингизда ёки аксинча бўлиши мумкин. Эр-хотин қўш ҳўкиз, деб бежиз айтилмайди.

Ҳар қандай муаммони ҳал этиш мумкин, фақат бунга ишониш керак. Маслаҳатим, салбий ўй-фикрлардан халос бўлинг, кайфиятни кўтарувчи мусиқа тингланг ёки саёҳатга чиқинг.

 

Fikr bildirish