Ўзгаришлар Цюрихда эътироф этилди

Цюрих шаҳрида “Ўзбекистон: жадал ривожланаётган Евроосиё индустриал марказидаги сармоявий имкониятлар” мавзуида   бизнес-форум бўлиб ўтди. У мамлакатимизнинг Франкфурт-Майндаги  бош консуллиги томонидан Швейцария – Осиё савдо палатаси ва Ўзбекистон – Швейцария савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Швейцария – Осиё савдо палатаси раиси Урс Лустенбергер бизнес-форумни очар экан, унинг иштирокчиларини Ўзбекистонда кечаётган иқтисодий жараёнлар, бизнес юритиш учун яратилаётган қулай шароитлар билан таништирди. Таъкидланганидек, мамлакатда сиёсий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий ва банк-молия соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон бозорининг хорижий сармоядорлар учун очилишига ҳамда турли жабҳаларда ўзаро манфаатли қўшма лойи­ҳаларни амалга оширишга имкон бермоқда.

Форум давомида Швейцария технологиялар, электр ускуналари ва металл индустрияси ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси (Swissmem) бош котиби К.Вухвальдер “Швейцариянинг Ўзбекистондаги тўқимачилик машиналари” ҳамда “Сomagra Commerz&Agrar Handel AG” компанияси директори Ю.Мюллернинг “Ўзбекистонга экспорт: имкониятлар ва тўсиқлар” мавзуларидаги маърузалари ҳам тингланди.