“Адашганлар” тўғри йўл кўрсатади

Ёшлар пресс-клубининг навбатдаги сессияси “Адашганлар” ҳужжатли фильми муҳокамасига бағишланди. Унда Ёшлар иттифоқи ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Даставвал мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Қайд этилганидек, ўтган йили энг кўп ҳуқуқбузарлик ва жиноят ҳолатлари Тошкент, Самарқанд ҳамда Жиззах вилоятларида аниқланган бўлиб, профилактик тадбирлар натижасида бу йилги кўрсаткич анча пасайган.

Тадбир давомида “Адашганлар” ҳужжатли фильми намойиш этилди. “Иқтидор” кино студияси томонидан суратга олинган кинокартинада ахлоқ тузатиш колониясига тушган ёшларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

— Фильмни кўриб жуда таъсирландим, — дейди Ўзбекистон Миллий университети талабаси Шаҳрибону Темирова. — Унда тенгқурларимизни жиноят йўлига бошлаган омиллар очиқ-ойдин кўрсатиб берилган. Сиз беихтиёр уларга ачиниб, хатоларидан хулоса чиқарасиз.