БМТда ёшлар форуми

30 май куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси президенти ташаббуси билан аъзо давлатлар ёшлари иштирокида “Таълим соҳасига ёндашув, бандлик ва зўравонлик, экстремизмга олиб келувчи радикализмнинг олдини олиш” мавзусида ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда БМТга аъзо 193 давлатдан келган 300 нафарга яқин ёшлар, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Форумда кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида ўзаро мулоқот платформасини яратиш ҳамда ўсиб келаётган авлоднинг таълим соҳаси ва бандлик масалаларида учраётган муаммолари, шунингдек, уларнинг турли хил ёт ғоялар ва экстремизм таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган давлат ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг тегишли қарор ва тавсияларини ишлаб чиқиш бўлди.

Учрашувни Бош Ассамблея президенти Мирослав Лайчак кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида бугунги кунда дунёда 2 миллиарддан зиёд ёшлар истиқомат қилиши, улар ҳаётида учрайдиган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги бугунги кунда долзарб эканини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, бугунги ёшларнинг сифатли таълим олиши, улар бандлигини таъминлаш ва ёт ғоялар ҳамда радикализм ва экстремизмдан сақлаш масаласида жаҳон ҳамжамиятининг ўзаро ҳамкорликдаги аниқ режалар асосида фаолият юритиши муҳим эканини таъкидлаб ўтди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан БМТ Бош котибининг ёшлар масаласи бўйича вакили Ж.Викраманаяка сўзга чиқиб, бугунги кунда глобаллашиб бораётган дунёда ёшлар муаммоларини бартараф этиш муҳим масалалардан эканини алоҳида урғулади.

Шундан сўнг форумда қатнашаётган давлатлар вакиллари ўзлари истиқомат қилаётган мамлакатларда таълим тизими, радикализм ва экстремизм таъсири остида вужудга келаётган муаммолар ҳамда қўлга киритилган ижобий натижалар хусусида тўхталиб ўтишди.

Тадбирда Ўзбекистондан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти шўъба раҳбари А.Холмахматов ҳамда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти бош илмий ходими М.Муҳаммадюнусова иштирок этди.

Вакилларимиз мулоқотда фаол иштирок этиб, форум давомида кўтарилган муаммоларнинг барчаси бўйича юртимизда давлат даражасида эътибор берган ҳолда жадал чоралар кўрилаётгани, бу борада бир қатор ютуқларга эришилаётгани ҳамда амалиётга жорий қилиш мумкин бўлган илғор тажриба орттирилгани хусусида гапириб бердилар. Жумладан, 2017 йил БМТ Бош Ассамбеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро конвенциянинг ишлаб чиқилиши муҳим экани борасида фикр билдирилди.

Ўзбекистон вакиллари хизмат сафари давомида ЮНИСЕФнинг ўсмирлар ривожланиши бўйича мутахассиси Фабло Фрискиа, БМТнинг ёшлар сиёсати бўйича мутахассиси Ноэлла Ричард, БМТнинг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси Лоисе Нйлин билан учрашдилар. Мулоқотларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати, соҳада амалга оширилаётган чора-тадбир ва ислоҳотлар, диёримизда фуқаролик жамияти ривожланиши, фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти, улар учун яратилган шароитлар ҳақида фикр алмашилди.

 

“Дунё” АА Нью-Йорк