Жамоат тартибини таъминлашда ёшлар масъулияти ошмоқда

Юртимизда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Пировардида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш борасида муайян натижаларга эришилди. Бу борада фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам катта масъулият юкланди.

Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳадаги мавжуд муаммо, камчиликларни бартараф этиш ҳамда тизим фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлди.

Ушбу қарор ижроси доирасида жойларда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга эришилди. Ўз навбатида, мунтазам ташкил этилаётган профилактик тадбирлар аҳолини ҳушёрликка чорлаб, атрофда бўлаётган воқеаларга янада эътиборли бўлишга ундамоқда.

Касбим ҳуқуқшунос бўлгани учун кўп йиллар давомида бу борада аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Ҳозир нафақада бўлсам ҳам ўзим яшаётган “Увайсий” маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлайман. Иш фаолиятимиз давомида бошқа мутасадди ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Бироқ, бугунги кунда ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда тўсқинлик қилаётган бир қатор камчилик ва муаммолар ҳам учраб туради.

Президентимизнинг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори пойтахтимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан бир қаторда, барчамизга янада кўпроқ масъулият юклади.

Мазкур қарор билан 2018 йил 1 июлдан “Хавфсиз пойтахт” концепциясининг ташкил этилиши жамоат тартибини ўз вақтида таъминлаб, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини мустаҳкамлашда соҳада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлик механизмини такомиллаштириш ғоят муҳимдир.

Таъкидлаш жоизки, “Хавфсиз пойтахт” концепциясининг ташкил қилиниши шаҳримиздаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаб бериш билан бирга ҳар бир фуқарога хотиржамлик бағишлайди. Бугунги кунда маҳалламизда
5 минг 600 га яқин аҳоли истиқомат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан шаҳримизнинг ҳар бир маҳалласида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил этилиши, уларнинг таркиби фаолият олиб борадиган маҳалла ҳудудида яшовчи ёшлардан шакллантирилиши бизни жуда қувонтирди.

Маҳалламизда “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил этилди. Эндиликда 13 кўп қаватли уйнинг ҳар биридан 2 нафар ёш профилактика инспекторлари билан тунги вақтда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда фаол қатнашади. Жорий йилнинг биринчи ярмида маҳалламиз ҳудудида содир этилган 10 ҳуқуқбузарлик ва жиноятнинг барчаси фош этилган бўлиб, айбдорларга қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилди. Ушбу масалалар бўйича маҳалламизда доимий тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказилади.

Жамоатчилик патруль гуруҳлари иш бошлаганидан сўнг ҳудудимизда тунги вақтда бемақсад юрадиган шахслар, айниқса, ёшлар камаймоқда. Маҳалламиз ёшларининг вазифасига нисбатан масъулияти ошиб, ўз уйи, маҳалласи тинчлиги, ота-онаси ва оиласи хотиржамлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

 

Дилшод МАҲБУБОВ, Тошкент шаҳри

Юнусобод туманидаги “Увайсий” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

ЎзА