Зарб (қиссадан парча)

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо «Зарб» номли қисса битди. Асар қаҳрамонлари — бугунги ёшларимиз, ўзбекнинг довруғини оламга ёяётган спортчиларимиздир. Мутолаа мобайнида биргина спортчининг камолга етиши учун қанчалар кўп ҳаётий омиллар лозим эканини англайсиз. Ўзлигидан, ўз юртдоши ютуғидан қувонолган, ғурур туёлган ўзбекнинг жўмард қалбида кечажак ҳайрату ҳаяжон, оғриғу аламлар, севинч ва муҳаббат қиссада ўзининг бадиий ифодасини топган.

Қуйида асардан олинган парча ёшларимиз эътиборига ҳавола этилмоқда.

 

«Гумбалақидом-гум!..»

Ўн чоғли ўсмир қишлоқ четидаги сойбўйи сайҳонлигида тўпланиб турибди. Нисбатан гавдалироқ, бошқалардан ёши каттароқ Жавлон сигарет қутисини намойишкорона очяпти. Қути кетига оҳиста чертиб, бир дона сигаретни олди, эзғилаб юмшатди, кейин чақмоқтош ёқиб, олифтагарчилик билан тутатди. Болалар маҳлиё.

– Буни ўғил бола чекади. Эс-эс, битта тортмаган – пес! – деди Жавлон тутаб турган сигаретни кўрсатиб.

Болалар бирин-кетин тутун тортиб, айлантиришди. Бирови йўталди, бирови ўқчиди, яна бири дудни тақлидан осмонга пуфлади. Жавлон елкасини ташлаб-ташлаб, яйраб кулди. Навбат четда турган озғинроқ болага келди.

– Ҳа, Азиз, ўзингни кўрсат! Битта ўғил болача тортгин, кули жингалак бўлиб бурнингга тиралиб қолсин. Қани!

– Мен чекмайман.

– Нега?

– Чекмайман, деб қўйганман.

– “Чекмийман деб қўйганман”? – Азизнинг гапини мазах оҳангида қайтарди Жавлон. – Кимга деб қўйгансиз, опоқ бола?

– Бу – мени ишим! Чекмайман, тамом!

Жавлон кураш тушмоқчидай қулочини ёзиб, майда қадамлар билан гапириб кела бошлади:

– Қаранг-а-а! Қандай одобли боламан! Аълочиман, тирноқларимниям вақтида олиб юраман, бетимниям совунлаб юваман. – У шундай деб масхаромуз оҳангда қўшиқ бошлади:

Эрта билан туроман

Наҳори нашта-ё, наҳори нашта.

Гумбалақидом-гум!

Ўнг қўлимда игнаю…

Шу жойга келганда болаларга қараб кўз қисди:

– Ҳа!

Болалар жўр бўлди:

Тиззамда кашта-ё, тиззамда кашта!

Гумбалақидом-гум!

“Гум!” дейилган пайтда Жавлон Азизни кўкрагидан итариб юборди, у ортида атай тўрт оёқлаб олган Мирзага айқашиб, чалқанча йиқилди.

Жавлон кўзларини олайтириб, шарқ яккакураш услубларига ўхшатиб, “ийя-ийя” деб ҳавони тепди, муштларини биқинига тираб, кескин ортга ўгирилиб, болаларга қараб ўзича:

– Ай-кидо! Мейд ин Жапн! – деб хитоб қилди.

Азиз эса ўрнидан туриб, жимгина кета бошлади. Шу пайт Мирза қайроқчилик қилиб, унинг йўлини тўсди ва гиж-гижлашга тушди:

– Ия, йўл бўлсин, опоқ бола? Сизда ғурур борми? Сизни итариб, юмалатиб ташлади-ю, сиз бўлсангиз аммамни бузоғидай ҳўшшайиб кетаверасизми? Ҳеч бўлмаса, ярим шапалоқ совға қилинг қайтимига. Бўлмаса, болалар туғилган кунингизга рўмол совға қилишига тўғри келади! Рўмолингизни ранги қанақа бўлсин?

– Қоч йўлдан!

Мирза бирдан тўйда таб­рикка чиққан қизча қиёфасига кириб, кўйлагининг этагидан пастга тортиб, шеър айта кетди:

– Оқ рўмол бошингизда,

Сояси қошингизда…

Паранг рўмол ўрабсиз

Ўн икки ёшингизда!

Болалар қийқириб кулишди. “Фишт-фишт” овозли ҳуштаклар, “Июв-июв!”, “Ёмон қилди-ю, артист-да бу!” деган хитоблар янгради. Мирза иккала қўлини мушт қилиб, бош бармоқларини тиккайтириб, Азизнинг бурнига ниқтади.

– Қани-қани, отасими-­энаси? – Кўзи билан бош бармоқларига ишора қилди. – Буниси – отаси, буниси – энаси. Қайси бирини танлайсан? Ё ўзим ушлатиб қўяйми?

Азиз қайроқчини туртиб, четга сурди ва ўз йўлига кета бошлади. Орқадан югуриб етиб келган Жавлон ўзини ажриққа ёнбош ташларкан “шмик!” деб қийқириб Азизни тўпиғига тепиб йиқитиб, бир айланиб устига ўтириб олди. Эрмак қилиб қўлини қайирди, манг­лайини манглайига тирагудек бўлиб, “тирс” эткизиб бурнига чертди. Азиз ҳар қанча уринмасин, уни ағдаришга ожизлик қилар, кучли панжалардан билакларини қутқаришга илож тополмасди. Шу аснода тутқатор сўқмоғидан ўтиб бораётган синфдош қизларга кўзи тушган Азиз жон-жаҳди билан типирчилай бошлади. Хириллаган овозда бақирди:

– Қо-о-оч!

– Ие, сенсиравордизми? Тилингизни чиқаринг-чи, қани. Ай-яй-яй! Қаёққа қочай? Қошингиз билан йўл кўрсатворинг.

Жавлон ростмана бир шапалоқ тортди-ю, Азизнинг бурни тирқираб қонаганини кўриб, апил-тапил ўрнидан турди. Шериклари билан қий-чув кўтариб, бошларида сумкаларини айлантирганча қишлоқ томон йўртиб кетди. Бироздан сўнг Азизнинг синфдоши Азим қайтиб келди.

– Азиз, ҳалиям ўтирибсанми? Битта тортганингда шу гаплар йўғиди. Болаларга мазах бўлганинг қолди. Биласан-ку уни, йўқ жойдан уриш чиқаради.

– Ҳа, ҳаммаёқни расвоси чиқди. Ҳаммасиданам Нурхон кўргани чатоқ бўлди.

– Нурхон? Сенга ҳали шу алам қиляптими? Усти-бошингни қара, кўйлакларинг қон…

– Буни ювса кетади…

 

Ошиқ оғзидаги ош

Пештоқига “Мелиқўзи махсим суппермаркит” деб ёзилиб, ношудлик билан турли гуллар, мева-сабзавотлар, шишалар расми тартибсиз чизилган қишлоқ дўкони эшигига бир боғ исириқ, қалампир, тақа ва қўйтикан илиб қў­йилган. Қизил тўнли Қорбобо тасвири туширилиб, “Янги йилингиз билан!” деб ёзилган ойна тагида калта иштонли болалар чўнқайиб ўтирганча музқаймоқ ялаяпти. Дўкондан қўлида халтача билан чиққан Азизнинг кўзи томигача юк ортилганидан инқиллаб келаётган эски “Москвич”га тушди. Машина дўконнинг эшигига кўндаланг тўхтади. Азиз уловидан бир амаллаб тушган хўппасемиз Мелиқўзи махсум билан сўрашгани қўл узатди.

– Қарашворайми, махсим тоға?

– Бор, ишингни қил, – терс жавоб берди махсим.

– Ҳа, тоға, тинчликми? – Азиз ҳеч нарсага тушунмай, ҳайрон бўлиб махсумнинг юзига қаради.

– Қишлоғимиздан бир мард йигит чиқди, деб суюнсак, бу ёғи чатоғ-у!

– Нимаси чатоқ?

– Оғзингдаги ошни олдириб ўтирибсан-у, бундан чатоғи бўладими?

– Очиқроқ гапиринг, тоға.

– Сойиб носвойнинг боғига боргин, дарров тушунасан. Ҳа, чемпион!

 

Анварали Шешбеш

– Рустам, шуни сенга кўчириб берай. Уйингда кўрақол. Саноғидан янглишиб кетдим, нечанчи марта кўришинг бу?

– Бўпти, кўчириб берарсиз.

– Ия, шунча кўриб тўймадингми? Ана шу боксчини қишлоғимизга таклиф қилсак келармикан, а? Отамлашардик. Ўзиям дам олиб кетарди.

Шу сўзгина Рустамни экрандан юлиб ололди:

– Ростанам, келса зўр иш бўларди. Гаплашиб кўрсаммикан? Санъаткорлар билан ҳам тадбирлар бўлади-ю. Нима бўпти боксчилар билан учрашув қилсак?

– Харажатларидан қочган номард.

– Устозим билан учрашиб, гаплашиб кўраман. Уни ҳурмати баланд, йўқ демаса керак.

– Гаплаш. Устозингниям таклиф қил.

– Бўпти.

– Ў-ў, Иззат бойвачча, бу томонга бир қиё боқиб қўйсинлар! Чой совиб қолди-ю! – муштумзўр қиёфали киши Иззат акани ёнига чорлади.

– Ўбба! Анварали Шешбеш қонимга ташна қилди-да! Икки кундан бери шетта. Бир тийин чиқармайди. Бир нарса десанг, хонтахтага пичоқ уради.

– Нега қўрқасиз? Тили қисиқ жойингиз борми? Тавба, уйида сичқон рўза тутиб юради-ю, булар маишатдан бўшамайди.

– Тўғриси, шу чойхонадан ҳам воз кечворайми деб турибман. Қачон қарасанг, жанжал. Маст-аластни паккасига айланиб қолди. Кеча Азим қиморбоз хўроз қўлтиқлаб кепти. Нима дейсан, улфатлари билан хўроз уриштирармиш.

– Бекорчиликдан ҳар бало чиқади.

– Нимаймиш, қўлтиғидаги хўроз ўн минг доллар турармиш. Азимнинг ўзи неча пул тураркин, худо билади.

– Қадимда чойхоналарда китоб ўқилган, газетхонлик, баҳс-мунозаралар бўлган экан. Шуни тиклаш керак.

– Худо хоҳласа… Бўкиб ошни еб, ёнбошлаб ғийбатдан бўшамайди булар.

– Ўв, Иззат! Иззатинг битди. Тезда чойни янгила! Бўлмаса, ҳозир чойнак ўзи учиб боради, – дўқ қилди Анварали.

– Кетяпман, шеф! – Рустамга сўроқ назари билан қаради, – бир қовурғасини санаб қўймайсанми?

– Биз тик турган одам билан беллашамиз. У ўзи аллақачон чалпак бўлган.

– Сенгаям беш кетмадим…

Иқбол МИРЗО,

Ўзбекистон халқ шоири