Мавзу — инновациялар

Ёшлар иттифоқининг Навоий вилояти кенгаши кластер модели асосида илғор хорижий тажрибани оммалаштириш мақсадида Навоий, Бухоро ва самарқандлик ёш фермерлар учун ўқув курсини ташкил этди.

Лойиҳага ҳар бир ҳудуддан 30 нафардан вакил жалб этилди. Унда, шунингдек, Иттифоқ мутасаддилари, Ёш фермерлар кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлигининг масъул ходимлари, тадқиқотчи ва олимлар қатнашди.

Тадбир олдидан Навоийда тайёрланаётган тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмаси, мазкур соҳада қўлланилаётган илғор тажриба ва эришилаётган ютуқлар акс эттирилган фотосуратлар экспозицияси, баннер ва видеоролик­лар намойиш этилди.

Шундан сўнг ёшлар учта шўъбага бўлиниб, фермерлик фаолиятида инновацион технология ва ечимларни татбиқ этиш, хорижий сармоялар иштирокида экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги билим ва кўникмаларни эгаллади. Ўқув дастурини муваффақиятли якунлаганларга махсус сертификатлар топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар Навоий шаҳридаги “Baxt textile”, Навбаҳор туманидаги “Navbahor textile” ҳамда Қизилтепа туманидаги “Toshrаbot textile” масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Сожида САПАЕВА