Меросимиз – таянчимиз

Заминимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар илму фан равнақи йўлидаги ўз бурчи, гуманизм ва маърифат ғояларига ҳамиша содиқ қолиб, ҳақиқий маънавий жасорат намунасини кўрсатган, бутун маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган бой илмий мерос яратган. Бу бебаҳо бойлик фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки бўлиб, янги авлодлар учун донишмандлик ҳамда билим манбаи, энг муҳими, янги кашфиётлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Инсон қалби ва онгини эгаллаш учун турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш мақсадида, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Зеро, ўз тарихий  маданиятига чуқур ҳурмат билан ёндашиш, интеллектуал ва маънавий салоҳиятга таяниш, миллий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш, шу асосда ёш авлодни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу боис улуғ аждодларимиз ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш, улар қолдирган ноёб меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, аҳолимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги ишлар бугун юртимизда умуммиллий кўриниш касб этган.

Юртимизда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий, албатта. Бунда аввало Ўзбекистон заминининг буюк илмий-маданий, маърифий меросини ўрганиш, уни келажак авлодлар учун сақлаш билан бир қаторда, муқаддас ислом динимизни моҳиятан тинчлик, инсонпарварлик ва яратувчилик эътиқоди эканини тарғиб қилиш, ёшларимизни бой ўтмишимизга ҳурмат ва ғурур руҳида тарбиялаш масаласи устуворлик касб этади.

Шунингдек, бугунги мураккаб даврда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўналишида кенг қамровли тарғибот ишлари, маърифий тадбирлар, мунтазам равишда араб ва мусулмон дунёси вакиллари иштирокида даврнинг долзарб мавзуларидаги халқаро анжуман, симпозиум, семинарлар ва суҳбатлар уюштириш, соҳага оид илмий тадқиқотлар, каталог ва альбомлар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материалларни замонавий информацион технологияларни қўллаган ҳолда жаҳон ҳамжамиятига етказиш, илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириб, ислом дини илмий йўналишида халқаро даражадаги магистр, доктор, профессорлар етишиб чиқишини таъминлаш Ислом цивилизацияси марказининг фаолият мазмунини ташкил этади.

Муқаддас Рамазон ҳайити кунларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг марказимизга ташриф буюриб, қурилажак марказ биносининг тамал тошини қўйиши оламшумул воқеа бўлди. Айниқса, шу ерда ишлаётган, ўз олдига жуда катта ва савобли ишларни бажаришни мақсад қилган ҳар бир ходим учун чексиз ифтихор бахш этди.

Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани, ислом дини ва маданиятини ривожлантиришдаги ролини илмий-амалий тарғиб этиш, буюк олимлар, меъмор, ҳунарманд, амалий ва тасвирий санъат усталари яратган асарлар,   нафис санъат буюмлари, миниатюра ва хаттотлик намуналари марказ қошида қурилажак музей экспозицияларида намойиш этилади. Бу ерга ташриф буюрадиган меҳмон ёхуд саёҳатчи Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихи, аждодларидан қолган диний-дунёвий билимлар жаҳон цивилизацияси ривожига сезиларли таъсир кўрсатганига гувоҳ бўлади.

Қарийб 40 мингта экспонат, музейдаги қадимий ашёлар ёш тадқиқотчилар учун ўзига хос илмий тадқиқот объекти, тарихий манба бўлиб хизмат қилади. Улар орасидан чет эл музейларида сақланаётган Ўзбекистон маданияти тарихининг дурдоналари ҳисобланган ашёларнинг нусхалари ҳам жой олади. Археологик, этнографик ашёлар ва уларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш мақсадида маҳаллий ва хорижий талабалар, докторантлар амалиёт ўташга ташриф буюриши мумкин. Бу эса тарих ва замонавий ҳаёт ўртасида мулоқот кўприги вазифасини бажариши табиий.

Шунингдек, марказимизда ўз фаолиятини бошлаган, дунёнинг энг йирик ва бой манбалари билан боғланган кутубхона ҳам соҳа вакиллари, тадқиқотчилар учун қулай имконият яратади. Турли давлатлар ислом ташкилотлари, музейлари, олий таълим муассасалари, кутубхоналари ва олимлари томонидан тақдим қилинган китоблардан ёш тадқиқотчилар ўз илмий ишларида фойдаланишлари мумкин.

Умуман олганда, қадим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши ҳар бир ватандошимиз, ёшларимиз, олимларимиз учун жуда катта оламшумул воқеа бўлди. Чунки биз Ибн Сино, Имом Бухорий, Беруний, Хоразмий, Термизий, Мотуридий, Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Бобур каби ўрта аср илм-фан равнақи, ислом маърифати ва цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирларнинг авлодларимиз. Биз, ёшлар мафкуралар, маданиятларнинг глобаллашуви кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган тез ўзгарувчан дунё шароитида зўравонлик ғоялари, турли зарарли оқимлардан ҳимояланишда ана шу бебаҳо меросимизга таянишимиз керак.

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

музей ва экспонатлар бўлими бошлиғи, тарих фанлари номзоди