Мунчоқтепа бағридаги сирлар

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ёшлар пресс-клубида Республика ёш олимлар кенгаши томонидан илмий-тадқиқот экспедицияси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 9 – 16 июнь кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги Респуб­лика ёш олимлар кенгашининг бир гуруҳ вакиллари Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Лангар қишлоғидаги Мунчоқтепа археологик ёдгорлигида илмий-тадқиқот экспедициясини ўтказиб қайтишди.

Илмий-тадқиқот экспедицияси археолог, геолог, эколог ва манбашунослардан иборат 20 нафар ёш тадқиқотчини бирлаштирди ва улар томонидан қадимги даврга тегишли инсон манзилгоҳлари, ибодатхона қолдиқлари, сопол буюмлар, қабр тошлари, қоятош суратлари ўрганилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад – ички туризмни ривожлантириш, тарихий обидаларни ўрганиш, мавжудларини сақлаш ва юртимиз тарихига оид қадимий ашёлар намуналарини илмий жиҳатдан тадқиқ қилишдан иборат.

Анжуманда ёш олимлар ушбу ашёлар қайси даврга тегишли эканлиги, ҳудуднинг табиати, экологияси тадқиқотчиларда қизиқиш уйғотгани, бу ерда «Қизил китоб»га киритилган 4 хил турга мансуб ўсимликлар мавжуд эканлиги айтиб ўтилди.

Лангар ота археологик ёдгорлигининг табиати хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда “Экотуризм ва медтуризм”ни ривожлантириш, бундан ташқари, қаровсиз қолдирилган ҳудудларни “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш” бўйича давлат рўйхатига киритиш таклифи илмий-тадқиқот экспедициясининг тадқиқотчилари томонидан илгари сурилди.

Анжуман сўнгида тадқиқотчилар журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА мухбири