Халқ фаровонлиги — олий мезон

Инсон борки, фарзандлари камолини кўриш истагида яшайди. Уларнинг иқболи порлоқ бўлиши учун эса, оилада нафақат соғлом маънавий муҳит, балки иқтисодий барқарорлик ҳам ҳукм сурмоғи даркор. Бу борада юртимизда тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек: “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”. Ҳақиқатан шундай. Жорий йилнинг 7 июнида давлатимиз раҳбари имзолаган “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарор шу йўлда ташланган залворли қадам бўлди.

Ҳужжатга мувофиқ, энг аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш кўзда тутилган. Дас­тур доирасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган юртдошларимизга имтиёзли кредитлар ажратилади ҳамда уларга мутасадди идоралар томонидан амалий ёрдам кўрсатилади, маслаҳатлар берилади. Бу эса, айниқса, мустақил ҳаёт бўсағасида турган ёшлар учун айни муддаодир.

Қарорда қишлоқ ва маҳаллаларда мини-кластерлар ташкил этиш ҳам белгиланган. Шу аснода тажрибали тадбиркорлар ўз бизнесини бошлаётган оилаларга бириктирилади. Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш асослари ва унинг маҳаллий шароитларга мос бўлган турлари” мавзуидаги ўқув машғулотларига жалб қилинади. Бизнес режалар тузишни ўрганади. Бир сўз билан айтганда, улар кимдан ёрдам, маслаҳат сўрашни, қайси эшикка киришни билмай, овора-сарсон бўлиб юрмайди.

Дастур доирасида тузиладиган махсус ишчи гуруҳи ички ҳамда ташқи бозорни доимий равишда ўрганиб, талабгир маҳсулотлар турлари ва ҳажми юзасидан маълумотлар тўплайди. Бу рўйхат ҳар ойда янгиланиб, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғи орқали аҳолига мунтазам равишда етказилади. Натижада тадбиркор ишлаб чиқарадиган маҳсулотини сотишда қийинчиликка дуч келмайди. Бозорни ўрганиш ташвишидан ҳам қутулади. Шу билан бирга, бозорларимизни сифатли товарлар билан бойитиш имконияти кенгаяди.

Зуҳриддин АБДУСАТТОРОВ