ШАХСИЙ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМИ болага туғилганидаёқ берилади

“Yoshlar ovozi” газетасининг 2018 йил 3 май куни чоп этилган 52-сонида тўрт нафар фарзандига ўз вақтида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаган оилага Ёшлар иттифоқи амалий ёрдам кўрсатгани ҳақида мақолани ўқиган эдим. Бу мақолага кимдир оддий хабар сифатида қараши мумкин. Аммо ёритилган муаммо ва унинг ечими таҳлил қилинса, айримларнинг фарзанд келажагида муҳим аҳамиятга эга ҳужжатга бефарқлигини кўрасиз. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг йўқлиги ҳозирги замонда инсон тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади. Ахир у ўз ҳуқуқларидан маҳрум бўлди. Ўрни келганда кимлигини исботлай олмайди. Афсуски, орамизда мана шундай лоқайдлик кайфиятида яшаётган юртдошларимиз ҳам бор.

Президентимиз жорий йилнинг 12 июнь куни “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади. Унга кўра эндиликда туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссия­лар ташкил этилади. Ушбу комиссия “Биронта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас” деган эзгу ғоя асосида тўлиқ хатлов ўтказади. Унинг доирасида туғилганлик ва ўлим ҳолатлари тўлиқ қайд этилади. Сўнг улар қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда ижобий ҳал этилади. Бу эса, лоқайд кайфиятда яшаб, боласи тақдирига ҳам қизиқмаётган ота-оналар учун яна бир сабоқ бўлди.

Бундан ташқари, келгусида туғилиш ва ўлим фактларини вақтида қайд қилиш мақсадида 2019 йил 1 январдан бош­лаб ФҲДЁ органлари билан соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида электрон маълумот алмашиш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қайд этилишида болаларга унинг ҳаёти давомида тўпланадиган ўзи ҳақидаги барча маълумотларни қамраб олувчи шахсий идентификация рақами берилади. Демак, 2019 йил 1 январдан бошлаб туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олган бола тўғрисидаги маълумотлар шахсий идентификация рақамига жамланиб боради. Бу зарур вақтда тез, осон ва ишончли маълумот олишга хизмат қилади.

Мазкур қарор билан халқимизга яна бир қанча енгиллик яратилди. Маълумки, ФҲДЁ органларида туғилишни қайд этишда давлат божи тўланмайди. Бироқ судлар томонидан туғилганлик фактини белгилаш билан боғлиқ ишларни кўришда тўлов ундирилар эди. Эндиликда суд томонидан оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг онасини ва туғилган вақтини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўриш учун ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди. Қолаверса, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик учун тўловлар (давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат)ни электрон мобиль иловалар орқали тўлаш тизими жорий этилади. Натижада, ФҲДЁ органлари тизимида юзага келаётган коррупцион ҳолатларнинг олди олинади. Шу билан бирга, ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари рақамли кўринишга ўтказилади. Бу шу турдаги маълумотни узоқ кутмай олиш имконини беради.

Умуман, қарорда назарда тутилган қатор имтиёз ва яратилаётган қулайликлар халқимизни рози қилиш йўлидаги яна бир қадам десак, муболаға бўлмайди.

Элдор МАҲКАМОВ, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи