Ҳақиқийси панд бермайди

ХХI аср инсоният олдида кенг имкониятлар эшигини очди. Турли техник қурилмалар ёрдамида оғиримиз енгил, узоғимиз яқин бўлмоқда. Айтайлик, ҳозир жуда катта ҳажмдаги ахборотни миттигина телефон ёки планшет хотирасига бемалол сиғдириш мумкин. Ёшлар орасида электрон китобхонликнинг урф бўлаётгани ҳам шундан.

Бироқ, тан олиш керак, электрон китоблар барчага ҳам бирдек манзур эмас. Тўғри, интернетдан исталган вақтда, турли асарларни тез ва қийинчиликсиз топса бўлади. Шундай эса-да, китоб жавонларига териб қўйилган китоблар ичидан ўзингизга кераклисини излаб топиб, бирма-бир варақлаб ўқишнинг гашти бошқача. Мен электрон китоб­ларни танқид қилиш фикридан йироқман. Лекин ўйлаб кўринг-а, яқин инсонингизни соғинганда у билан телефонда суҳбатлашиш дийдор кўришиш завқини бера оладими? Йўқ, албатта. Худди шунингдек, босма нашрлар билан электрон адабиётлар бир-биридан анча тафовутланади. Мен ўзим ёқтирган ёзувчининг асарини ҳурмат билан қўлга олиб, бағримга босаман. Китоблар уйимга зиё таратиб, ўзгача файз киритади.

Бир куни дўстим Аброр билан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини сотиб олиш истагида китоб дўконига кирдик. Сотувчи қўлимизга адибнинг бир қанча асарлари жамланган компьютер дискини тутқазди. Нархи — 120 минг сўм. Электрон китобларга хушим йўқлиги сабаб унча эътибор бермадим. Устига-устак, нархи ҳам “чақди”. Мен китоб харид қилдим. Дўстим эса, дискни афзал кўрди.

Бир неча кундан сўнг Аброр билан яна кўришдик. Айтишича, “Ўткан кунлар”нинг ярмига етганида электрон китоби бузилибди. Эсиз, ўзи ҳам хафа бўлиб қолди. Ҳа, ҳақиқий китоб ҳеч қачон панд бермайди. Сиз қандай фикрдасиз, тенгдошим?