301 тақдир ўнгланди

Ёшлар пресс-клубида  “Ёшлар келажаги қонунга риоя қилишдан бошланади” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди

Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекис­тон Республикаси Олий суди, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар иттифоқи мутахассислари, ташкилот кафиллиги остида озодликка чиққан ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда вояга етмаганлар оиласидаги носоғлом ижтимоий муҳит ҳамда ҳуқуқий онги тўлиқ шаклланмагани туфайли жиноятга қўл ураётгани ҳақида айтилди. Уларни жазолаш эмас, аксинча, хатосини тузатишга имкон бериш ва жамият ҳаётига қайтариш энг тўғри йўл экани таъкидланди. Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши айнан шу тамойил асосида фаолият олиб бормоқда.

— Инсон ёмон бўлиб дунёга келмайди, — дейди кенгаш раиси Баҳромжон Илҳомжонов. — Биров ижтимоий муҳит таъсирида, кимдир эса, калтабинлиги, ғўрлиги сабаб жиноят кўчасига кириб қолиши мумкин. 2017 йил 5 декабрда Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси  Олий суди ўртасида имзоланган меморандумга кўра, “Иттифоқ кафиллиги остида” лойиҳаси йўлга қўйилган эди. Натижада шу кунгача қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган 301 нафар йигит-қиз суд залида озод этилиб, яқинлари бағрига қайтарилди. Ушбу ёшлар Иттифоқнинг доимий назоратида бўлиб, бандлиги таъминланмоқда.

Тадбирда уларга ҳам сўз берилди. Микрофон қаршисига келган ота-оналар эса, кўзида ёш билан фарзанд тарбиясига етарлича эътибор бермаганини афсус-надомат билан тан олди ва бундан буён ҳушёр бўлишини айтиб, Ёшлар ташкилотига самимий миннатдорлигини билдирди.

— Бир куни ўртоқларим машинамда қўшни туманга бориб келишни илтимос қилди, — дейди фарғоналик Азизжон Тошпўлатов. — Сафардан мақсад нелигини билмасдим. Манзилга яқинлашганимизда “Сен уловда ўтириб тур, биз тез чиқамиз”, деб юзларига махсус ниқоб тортди. Шундагина уларнинг муддаосини англадим. Аммо нафсим ҳакалак отиб, ўғриларга қандай қилиб шерик бўлиб қолганимни билмайман. Ўша шум қадам бошимга кўп савдолар солди. Хайриятки, Иттифоқ бор экан — ота-­онам бағрига қайтдим. Энди фақат ҳалол яшайман, деб ўзимга-ўзим ваъда берганман.

Мулоқот давомида залдагилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга юзланди.

Санжар ЭШМУРОДОВ