Psixolog maslahati

— Укам 20 ёшда. Институтда ўқийди. Ўқишга киргунча жуда қизиқувчан, ҳозиржавоб, ҳаракатчан йигит эди. Энди эса, шашти пасайган. Келажаги ҳақида сира қайғурмайди. Кунини ижтимоий тармоқларда ўтказса бас. Маслаҳат беринг, нима қилсак бўлади?

 Раҳим АЛИМАРДОНОВ Ургут тумани

 

Саволга психолог Акобир АБДУЛЛАЕВ жавоб беради:

— Ижтимоий тармоқларга мутелик ва ҳаётга қизиқишнинг сўнаётгани депрессиядан далолат беради. Укангиз билан ёрқин келажак ҳақида суҳбатлашинг, имкони борича далда беринг. Ҳозир у яқинларининг кўмагига жуда муҳтож. Бундай пайтда инсонни ёлғиз, эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Укангизга бирон бир меҳнат фаолияти билан шуғулланишни ҳам тавсия қиламан. Бу ғам-ғуссадан қутулишнинг энг самарали усулидир.