Бизни тоғлар бирлаштирди

Зомин тоғлари сари йўлимиз туя ўркачларини эслатувчи қир-адирлардан бошланди. Ёз қуёшининг нурларида бу кенгликлар манзараси янада аниқ ва равшан кўринади. Атрофга қанча назар солма, бирор салқин гўша ёки дарахт сояси учрамайди. Сукутга чўмган борлиқ гўё асрлар ҳикматини ўзида жамлаган донишманд мисол автобус ойнасидан ҳайрат билан тикилган ёш қаламкашларнинг савол беришини кутаётгандек…

Тепага юқорилаганимиз сари атрофдаги манзара ўзгариб боради. Йўлимиздан нураб бораётган зангори қоялар, ажабтовур тошу харсанглар чиқади. Табиат ранг­лари қуюқлашиб, яшилликка чўмиб бораётганини сезаман. Сой бўйига етганимизда бизни салқинликка чўмган боғу роғлар қаршилади. Зоминнинг машҳур арчалари қаддини ростлаган баҳодирлар каби тоғ ёнбағирларидан кузатиб турарди. Узоқда қорли чўққилар, қуюқ ўрмонзорлар кўринарди.

Ёнимда ўтирган чирчиқлик ёш ижодкор Динора ҳам бу гўзал манзараларни ҳайрат билан томоша қилади. Семинарда биринчи бор иштирок этаётган барча тенгдошлари сингари унинг нигоҳларида ҳам ҳаяжон бор. Қизиғи, шеър ёзишга ҳавасманд шундай синглим билан бир шаҳарда яшар эканмиз-у, бир-биримизни танимас эканмиз. Шунгами, йўл бўйи деярли суҳбатлашганимиз йўқ. Майли, ҳали бунга вақт бўлади. Семинар кунлари Динора билан яқиндан танишиб, қўлимдан келганча ёрдам бериш истагини кўнглимга тугиб қўйдим. У шеърият йўналишида, мен эса, бадиий публицистикадаман. Ўриклисойнинг шўх сойлари бизни дўстлаштиришига ишонардим.

***

Зоминга янги кун баланд тоғларни ошиб, яшил арчазор­лар узра қуйилиб киради… Бутун борлиқни забт этишга ошиққан ёруғлик лашкари мисол заррин яловларини ҳилпиратганча кенг уфқда саф тортиб киради… Тошли қалъаларни ишғол этиб, шарқироқ сувларда чанқоғини қондириш ниятида Ўриклисойга тушадию, яна юксакка интилади, бепоён кенгликлар сари ошиқади…

Кечагина танишган янги дўстларим даврасида бу гўзал манзарани томоша қиларканман, беихтиёр устоз Миртемирнинг “…Ёруғлик юрти бу, тонг ўлкаси бу” деган мисраси ёдимга тушади. Балки янги кун билан бирга, миллий адабиётимиз истиқболи ҳам шу тоғлар бағридан бошланар… Бадиий ижодга, адабиётга ихлосмандлик ҳам чексиз зиё аслида. Бу қуд­ратли куч олис ва яқиндаги қалбларни забт этишга, уларни бирлаштиришга қодир.

Семинарда иштирок этиш учун юртимизнинг турли ҳудудларидан келган истеъдодли ёшларнинг кўпчилиги билан биринчи марта  кўришаётган бўлсак-да, бир-биримизни аввалдан танийдиган қадрдон дўстларга ўхшардик. Ўртамизда ҳамфикрлик, ўй ва қарашларимизда уйғунлик бор эди. Аслида биз аллақачон ижодий ишларимиз орқали танишишга улгурганмиз.

Мисол учун, Махсума Оққўзиеванинг ҳикояларини матбуот нашрларида кўпдан бери ўқиб келаман, лекин бу қиз билан қўшни таҳририятларда ишлашимизни билмас эканман. Ҳикояларига қўшилиб ўзи ҳам анча улғайиб қолган Мадина Холбоева билан Сирдарёда танишганмиз. “Алишер Навоий ва қорақалпоқ адабиёти” мавзуида илмий иш қилишни мақсад қилган берунийлик Анвар Алламберганов тошкентлик ёш санъатшунос Шоҳрух Абдурасуловнинг мақолаларини мунтазам кузатиб боради. Қашқадарёлик умидли драматург Азизбек Қурбоновнинг “Бахт фариштаси” пьесаси Жиззах қўғирчоқ театрида саҳналаштирилиб, томошабинлар эътиборига тушган. Сурхондарёлик шоир Нас­рулло Эргашевнинг Ёшлар иттифоқи ҳомийлигида нашр этилган “Иккимиздан қолсин аланга” номли биринчи шеърий китобини бухоролик навқирон журналист Шавкат Бобожонов деярли ёддан билади. Наманганлик Орифжон Одиловнинг ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишларини эса, семинар иштирокчиларининг аксарияти кузатиб бораркан…

Ростини айтсам, баъзида ҳатто катта шаҳарда ҳам сени тушунадиган, ижодий ишларингга баҳо бера оладиган тенгдошларни топиш қийин туюлади. Лекин Ўриклисойда ана шундай хайрихоҳ ёшларни учратдим. Улар билан табиат қўйнида эркин мулоқот қилиш мумкинлиги адабий гурунгларимиз, суҳбату мушоираларимизга ўзгача шукуҳ бағишлади. Зоминда сониялар  дақиқалардек тез ўтди, шаршара сувлари каби жўшқин ва мусаффо оҳангларга йўғрилди. Янги шеърлар, қатра ва ҳикоялар битилди, қўшиқлар куйланди… Устозларнинг қимматли сабоқлари, дўстона суҳбатлар ёшларга илҳом бағишлаб, маҳоратини чархлади.

Қизиғи, ёшларга маслаҳат бериб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашган ижодкорларнинг кўпчилиги қачонлардир Зомин семинарида худди биз сингари иштирок этганини энтикиб хотирлади. Улар сўзлаб берган воқеалар, кечинма ва таассуротлар ҳам бизникига жуда ўхшаш экан.

***

Аҳмаджон Мелибоев кўпни кўрган маҳоратли журналист, ёзувчи ва муҳаррир. Матбуот саҳифаларида эълон қилинган публицистик материаллари, мақола ва чиқишларини кўп ўқиганмиз. Унга ҳавас қилиб қўлимизга қалам олган пайтлар ҳам бўлган. Бадиий публицистика шўъбасида кечган сабоқлар чоғида биз Аҳмаджон акани ёшларни севувчи теран нигоҳли педагог сифатида  ҳам кашф этдик. Устоз барча ишларимизни диққат билан ўқиб чиқиб, ютуқ ва камчиликларимиз, бадиий публицистиканинг моҳияти, унинг ўзига хос жиҳатларини шундай аниқлик билан тушунтириб бердики, гўё Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаларига айланиб қолдик. Аҳмаджон ака таъкидлаганидек, публицис­тик асарлар ёзиш учун кенг доирадаги ижодкор бўлиш лозим. Публицист худди ёзувчидек теран фикрлаши, шоир сингари нозик туйғулар, кечинмаларни ифодалай билиши зарур. Шунингдек, у кузатувчан бўлиши, атрофида юз бераётган воқеаларга теран нигоҳ билан назар солиши даркор.

Шўъбамизда қизғин жараён кечаётганига қарамай, бош­қа шийпонларга кўз қиримни ташлаб қўярдим. Ахир, Динора билан ҳали ҳам дўстлашганимиз йўқ. Мана, семинарнинг иккинчи куни ҳам ўтяптики, акаларча эътибор билан берган бир-икки саволимга жавоб қайтарганини ҳисобга олмаганда, кўнгилдан суҳбатлашиш имкони бўлмади…

Ижодий машғулотлар тугаб, тушликка кетишга шайланиб турганимизда, сой устидаги кўприкдан шошиб ўтаётган бир қиз кўринди. У Динорага жуда ўхшарди. Сочлари худди уникидек йиғилган, қадамлари шахдам. Шу пайт қўлидаги хатжилддан бир қоғоз учиб тушди. Қиз буни сезмай йўлида давом этаверди. Тезда бориб қоғозни ердан олдим. Унда шеърий сатрлар битилган эди. Фурсатни бой бермай, шеър эгасининг ортидан эргашдим. Йўлни қисқартириш учун сойдаги харсангтош­лардан сакраб ўтиб қизнинг шундоққина рўпарасидан чиқдим… Афсус­ки, адашибман. У Диноранинг хонадоши Гулноза экан. Ноқулай аҳволда қоғозни қўлига тутқаздиму, орқага қайтдим. Аммо Динора билан кўришиш истаги қалбимни тарк этмади.

***

Зомин семинарининг сўнгги куни ҳайрату ҳаяжонларга бой бўлди. Тақдирлаш маросими гўзал мушоирага, куй ва қўшиқларга уланди. Сертификатларини қўлида ушлаганча бир-бирини таб­риклаётган тенгдошларимнинг кўзлари қувончга тўла, ижодий анжуман уларнинг ҳаётидаги унутилмас воқеага айлангани сезилиб турарди.

Аслини олганда, бу семинар ижодий сабоқларнинг муқаддимаси холос. Устозлар таъкидлаганидек, бизни олдинда ҳали кўп синовлар, изланишлар кутмоқда. Муҳими, бу йўлда ёлғиз эмаслигимизни, сафимизда кўплаб истеъдодли ёшлар, ижодимизга бефарқ бўлмаган устозлар борлигини кўрдик. Ўриклисой кўнгиллари ва мақсадлари яқин бўлган ана шу ёшларни бирлаштирди. Семинар якунлангач, биз хайрлашмадик, аксинча, яна учрашишга, янги ижодий режалар тузиб, доимо фикр алмашиб туришга келишиб олдик.

Тез орада Тошкентга йўл олишимизни билсам-да, бу гўзал гўшадан кетгим келмасди. Қизғин суҳбатлар, мушоиралар кечган сой бўйларига яна бир бор назар солдим. Тошдан-тошга урилиб, илдамлаётган сув каби биз ҳам бу ажиб масканни тарк этмоқдамиз. Кўнглимда амалга ошмаган биргина ният қолган. Балки энди кеч бўлгандир. Тақдирга тан берганча, семинар иштирокчиларини олиб кетишга келган автобуслар томон йўл олдим.

Бироз кеч қолибман. Кўпчилик ёшлар ўз ўрнини эгаллаб бўлган. Биринчи автобус тўлган, иккинчисида ҳамма жойлар банд. Ниҳоят, учинчи автобусга чиққанимда орқада биргина бўш жой қолганини кўрдим. Яхшилаб қарасам, қўшни ўриндиқда Динора ўтирибди. Суюниб кетдим. Диноранинг ҳам юзига самимий табассум югурди. Биз биринчи бор танишаётган семинар иштирокчилари сингари ҳаяжон билан кўришдик. Мароқли суҳбатга берилдик… Бизнинг дўстлигимиз мана шу Зомин тоғларидан, яшил арчазорлар ифорига чулғанган шаршара ва сойлар бағридан бошланди…

Азизхон ИМОМОВ