Сени соғинамиз, Самарқанд!

Самарқанд таассуротлари ҳақида ёзгим келди. Яқинда қўҳна заминда ўтказилган Марказий Осиё ёшлари форумида кўнглимдан ўтган кечинмаларни қоғозга туширдим. Замонамиз шоирининг Самарқанд ҳақида битган шеърини сизга илиндим:

Мовий гумбаз, мовий осмон — қуёшли кунларинг гўзал!

Улуғбекнинг юлдузлари тиниқ тунларингни безар.

Меҳмоннавоз, булбуловоз шаҳрим узра жоним сезар,

Юксакликка чорлаб рўй-рост, боболарим руҳи кезар.

Ушбу сатрлар қалбга тўғри етиб боради. Зотан, самарқандликларнинг меҳмоннавозлиги, хушфеъллиги бошқача. Бунга ўзим гувоҳ бўлдим. Самарқанднинг ҳавосидан бир бор баҳра олган, нон-тузини тотган инсон борки, яна шу заминга қайтишни хоҳлайди. Биз қўҳна кентда уч кун меҳмон бўлдик. Биринчи бор ўтказилаётган Марказий Осиё ёшлари форумини нашримиз саҳифаларида ёритдик.

Автобусимиз вокзал томон одимлайди. Замонавий шаҳар кўчалари лип-лип этиб кўз ўнгингдан ўтади. Бизга қадрдон бўлиб қолган “Регистон” меҳмонхонаси, маҳобатли “Динамо” спорт ўйингоҳи… Ниҳоят, Самарқанд темир йўл вокзали. Ичкарига қадам қўямиз. Поезднинг ҳаракатланишига ҳали вақт бор. Рўйи замин сайқалига келиб, ундан нимадир олиб кетмаслик — булоқ бошига бориб, сув ичмай қайтиш билан баробар.

Вокзал ичидаги дўконларни айланамиз. Бир томонда тандирдан эндигина узилган мағизли, ширмой нонларнинг иси димоғни қитиқлайди. Неча минг йиллардан бери зиёратчиларнинг ҳайрати ва таҳсинига сазовор бўлиб келаётган шу улуғ неъматни авайлабгина қўлга оламиз.

Сал нарида самарқандча сувенирлар сотилмоқда. Моҳир ҳунармандлар томонидан печда пишитилган истараси иссиқ нуроний отахон қиёфасидаги сопол ҳайкалча, қизлар меҳр билан тўқиган каштали сумкачалар, тарихий қадамжолар акс этган суратлар… Буларнинг олдидан бефарқ ўтиб кетолмайсиз.

Кетгимиз келмайди. Мезбонларнинг ширин мулозаматини қўмсаймиз. Уч кун аввал карнай-сурнай, қарсаклар садоси остидаги “Хуш келибсиз, Самарқанд­га!” деган хитоб ёдимизга тушади. На илож, Тошкентга қайтиш керак. Насиб қилса, диёримизнинг мўъжизакор шаҳрига яна ташриф буюрамиз. Сени қаттиқ соғинамиз, Самарқанд!

Шерзод МАҲМУДОВ