Тарозининг икки палласида ҳам тақдир ётади

Ёшлар иттифоқи ҳамда ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда вояга етмаганларни одил судлов қилиш (ювенал адлия) тизимини ислоҳ қилишнинг амалдаги ҳолати ва истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар муҳокама қилинди.

 Даставвал ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хан сўзга чиқиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон тажрибасига ижобий баҳо берди. Ҳуқуқбузарлик содир этган ўсмирларни суд қилиш жараёнида уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига устувор аҳамият қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши бош мутахассиси Шарофиддин Хонимов ўз маърузасида Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан меморандум имзолаганини эслатди. Шунга мувофиқ, адашиб жиноят йўлига кирган ва қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган 333 нафар йигит-қиз Иттифоқнинг кафиллиги асосида суд залиданоқ озодликка чиқарилди. Ташкилот уларни ишга жойлаштириш чораларини кўраётгани, айниқса, эътиборлидир.

Тадбирда Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази вакили Ш.Йўлдошев ва яна бир қанча мутасадди ташкилот вакиллари ҳам фикр­-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

— Адолат тарозисининг икки палласини бирдек ушлаб туриш қийин, — дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал  Саидов. — Шу нуқтаи назардан ҳуқуқбузарлик ёки жиноятга қўл урган вояга етмаганларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ўз-ўзидан долзарб саналади. Бугунги анжуманда халқаро стандартларга таяниб, одил судлов тизимини ислоҳ қилиш имкониятларини муҳокама қилдик. БМТ, ЮНИСЕФ вакиллари ва бошқа иштирокчилар томонидан ўртага ташланган ғоялар соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади, деган умиддаман.

 Санжар ЭШМУРОДОВ