Тоғни толқон қилманг, тадбиркор бўлинг

Баъзи ёшларнинг иш йўқ, дея ялтоқланиб ётиши ёки бирон танишининг қоп-қоп ваъдасига учиб, ўйламай-нетмай дарров чет элга чопқиллаб кетишини кўриб ранжийсан, киши. Ахир, давлатимиз шу ўғил-қизларни билимли, эл корига ярайдиган мутахассис қилиш учун озмунча жон койитмоқдами. Арзимаган қийинчиликка чидолмай, Ватанини ёмонотлиқ қилишдан тап тортмайдиган, жарақ-жарақ пул берган нияти бузуқларга қуллуқ қилиб, ноғорасига ўйнайдиган каслар ҳеч жойда барака топмаслиги аниқ. Хайриятки орамизда тиришқоқлиги, субуту меҳнати билан ўша кимсаларни чангида қолдираётган инсонлар оз эмас.

Робия Бозорова билан Наманганнинг Норинида танишгандик. Аянинг уч нафар ўғли бор. Бари ҳунарманд. Ота касбини давом эттириб бешиксоз уста бўлиб етишган. Кенжаси — Анваржон акаларидан-да эпчилроқ бўлиб чиқди. Юртимизда тадбиркорлик қилишга яратилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, “Норин қалдирғочи” оилавий корхонасига янги нафас олиб кирди.

— Эсимни танибманки, отамнинг устахонасидан бери келмайман, — дейди бешиксозлар сулоласининг олтинчи авлоди вакили Анвар Бозоров. —  Олтинчи синфдаёқ қўлим ёғоч кесиш, рандалаш ишларига бинойидек келишарди. Мус­тақиллик даврида улғайдим. Шу вақт мобайнида Ўзбекистон кўз ўнгимда анчайин юксалди. Узоққа бормай, она қишлоғим, ҳатто ўзим истиқомат қилаётган маҳаллада ҳар куни қандайдир янгилик рўй беряпти. Ҳаммаси яхшиликка! Одамлар-чи, улар ҳам ўзгармоқда. Аввалгидай олма пиш, оғзимга туш дегувчилар энди саноқли. Тўғри, боқимандалик иллатидан ҳали тўлиқ қутулганимиз йўқ. Ҳарқалай, бир жойда қотиб турмаяп­миз-ку, ижобий томонга силжиш бор.

—    Оиламиздан қиёс, — давом этади ёш ҳунарманд, — бир йил олдин, цех очишга жой бўлмагани сабаб буюртмаларни ҳовлида қисиниб-қимтиниб бажарардик. Бир ёқдан мебель жиҳозлари, тағин мамлакатимизда талаб жуда ҳам катта бўлган болалар коляскаларини ишлаб чиқаришни бошламоқчимиз. Аммо шароит ҳалигидай — панд бермоқда. Мана, бу йили туманимизда ёшлар муаммоларини ўрганиш ишлари олиб борилди. Президентимизнинг Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуранбаев туман прокурори, ҳокимлик вакиллари ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлигида уйимизга келиб, аҳволни кўрди. Мен бизнес режаларим ҳақида сўзлаб бердим. Қаҳрамон ака масалани бир пасда ҳал қилиб берди. Очиғи, ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Маҳалладан сал нарироқда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишимиз учун 8 сотих ер ажратилди. Ҳозир тўрт нафар шогирдим билан йигирма хилдаги мебель жиҳозлари — ошхона гарнитуридан тортиб, болалар беланчагию шкафигача ишлаб чиқаряпмиз. Кунига ўнтагача тайёр маҳсулот маҳаллий бозорга етказилмоқда.

—    Яна денг, ҳу ана у жойда пеноблок, плитка ва брусчатка тўкамиз. Хомашёси ўзимизники, технология четдан олиб келинган. Аслида мазкур турдаги фаолиятни 2015 йилда бошлаганман. Аммо жой танқислиги боис, ишни тўхтатишга тўғри келганди. Қурилиш материалларига талаб ҳеч қачон камаймайди. Сифатли бўлса, харидорини бир зумда топиб кетишига шубҳа йўқ. Мақтанишга йўйманг-у, лекин маҳсулотимиз чиндан ҳам бозоргир. Қўл-қўлга тегмайди. Қўшимча ишчи кучига зориқиб қолдик.

Шу маҳал суҳбатга Робия Бозорова қўшилди. “Ўғилларим тадбиркорлик ортидан мамлакатга шунча фойда келтираётганидан астойдил қувонган Қаҳрамон Қуранбаев туманда бўш турган иморатлардан бирини ихтиёримизга бепул топшириш бўйича ҳам кўрсатма берганди, — дейди онахон. — Гап ерда қолиб кетмади. Бизга юқумли касалликлар шифохонасининг эски биноси ажратилди. Таъмирлаш ишларини якунига етказяпмиз. Икки қаватли ва тўлиқ жиҳозланган корхона ишга тушса, юзтагача иш ўрнини яратишимиз мумкин. Қолаверса, болалар коляс­каси учун керакли ҳамма деталлар (жами ўттизта)ни ишлаб чиқаришга имкон туғилади. Ҳозирча бунинг учун иккита дастгоҳ етишмаяпти, холос”.

Таъмирланаётган бинони кўздан кечирамиз. Қурувчилар эртаю кеч хизматда. Тўғри-да, объектнинг тезроқ битгани яхши. Ахир, одамлар тўйхона ёки савдо дўкони эмас, бутун бошли корхонани очаман, деб маҳтал бўлиб турибди-ку.

Кўз ўнгимизда Робия ая, турмуш ўртоғи Азимжон ака Бозоров, ўғиллари бирма-бир гавдаланди. Бор-йўғи беш жондан иборат оиланинг неча юз минг аҳолиси бор Норин тумани, э, қў­йингки, миллионлаб фуқаро истиқомат қилаётган мамлакатга қанчалик наф келтираётганини хаёлда чамалаб, шу заҳматкаш юртдошларимизга тасанно айтдик. Ҳа, инсон истаса, тоғни ҳам толқон қилар экан. Давлатнинг ишончини қозониш учун эса, бундай баҳодирлик кўрсатмоқ шарт эмас. Мақсадни тўғри қўйиб, ҳалол меҳнат қилмоққа белни маҳкам боғлашнинг ўзи кифоя.

Наргиза УМАРОВА