Умиджон Чустдан Португалияга боради

Умиджон Ҳафизов Чуст туманининг Олмос қишлоғидан. Кун келиб бу йигит дунё физиклари эътиборига тушади ва халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистонимиз шаънини юксалтиради деб ҳеч ким хаёл қилмаган эди. Аммо истеъдод-истеъдод-да! Ниҳоят у ўз сўзини айтди. 2015 йили Чустдаги 70-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабини тамомлаган Умиджон Наманган давлат университети қошидаги академик лицейга ҳужжат топширди.

— 800 нафар талабгор имтиҳон топширгандик, — дейди у дастлабки ютуғини хотирлаб. — Еттинчи бўлиб ўқишга қабул қилиндим. Шундан сўнг ўзимга бўлган ишонч қатъийлашди.

Ҳа, келбатидан худди “бир қарич”, аммо юраги тоғдай келадиган бу йигитнинг зуваласи улуғ узилган экан. Кейинчалик Умиджоннинг ҳаёти кетма-кет янги муваффақиятларга эврилиб кетди.

— Иккинчи курсдалигимда физика фани бўйича ўтказилган фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1-ўринни эгалладим, —давом этади суҳбатдошимиз. — Шундан сўнг менга Дониёр Орипов мураббийлик қила бошлади. Эришган ютуқларимда устозимнинг кўп меҳнати сингган.

Қаҳрамонимиз учун 2017 йил ростмана омадли келди. Ўша йили Республика фан олимпиадаларида фаол қатнашди. Шу билан бирга, Индонезияда ўтказилган физика бўйича халқаро фан олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Дарвоқе, жорий йилда Умиджон буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбек шарафига ўтказилган физика ва астрономия фанлари бўйича халқаро олимпиаданинг олтин медалига сазовор бўлди. Бахтни қарангки, тенгдошимиз иккинчи дафъа халқаро олимпиадага йўлланмани қўлга киритди. Нуфузли беллашув 21 – 29 июль кунлари Португалияда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Қишлоқ йигити учун Намангандан Португалияга бориш хўп машаққатли йўл. Аммо уни босиб ўтмоқ ғоят фахрлидир. Ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Навбатдаги танловда ҳамюртимиз яна ғолиб бўлишига ишонамиз.

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ