“CCTV 6” дан унутилмас премьера

Хитойнинг 800 миллион кишилик томошабинлар аудиториясига эга “CCTV 6” телеканали “Ўзбекистон тарихига назар ёхуд Буюк ипак йўли тақдимоти” деб номланган ҳужжатли фильмнинг биринчи қисмини эфирга узатди.

Фильм таниқли тележурналист Ван Нинтун бош­чилигидаги ижодий гуруҳ томонидан тайёрланган. Унда юртимизнинг кўҳна ва шонли тарихи, бой маданий мероси ҳақида сўз юритилади. Муаллиф бугунги Ўзбекистон Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек сингари кўпдан-кўп буюк алломаю мутафаккир зотларга бешик бўлганини эътироф этади. Шунингдек, Буюк ипак йўли тарихи хусусида сўз юритилиб, унинг ривожида кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент сингари шаҳарлар жуда муҳим ўрин тутгани қайд этилади.