Белорус қалби ўзбек учун очиқ

7-8 август кунлари Тошкентда “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли анжуманда хорижда ўзбек адабиётини ўрганиш ва тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу ўринда Ўзбекистон ва Беларусни боғловчи адабий дўстликнинг баъзи бир лавҳаларини тилга олишни хоҳлардим.

Тарих ўтмишда қолдирилган изларни ҳеч қачон унутмайди. Тарих ҳамиша очиқ ва ойдин, у авлодларга ўтган замон ҳақида эслатиш учунгина эмас, балки қандай ўй ва фикрлар, тасаввурлар билан эртанги кунни қуришни ўргатиш учун ҳам ўзидан кейин доимо хотиралар қолдиради. Ортга назар солсак, Ўзбекистон ва Беларусни боғлаб турган кўплаб ришталар бўлганини кўрамиз. Бундай яқинлик адабий алоқаларимизда ҳам намоён бўлади.

1930-йиллардаёқ Беларусь халқ ўланчиси Янка Купаланинг номи ўзбек китобхонига маълум эди. 1932 йилда Ўзбекистонда меҳмон бўлган ёзувчиларимиз — Петро Глебка, Илларион Барашка, Микола Хведорович маҳаллий ижодкорларга Янка Купала ижоди ҳақида сўзлаб берган. 1942 йилда республика матбуотида шоирнинг асарларидан ­қилинган илк таржималар босилди. “Қизил Ўзбекис­тон” газетаси Янка Купаланинг “Белорус партизанларига” номли машҳур шеърини чоп этди.

Янка Купала вафот этганидан кейин – 1943 йил 27 июнда Беларусь Фанлар академияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бевосита иштирокида Беларусь халқ ўланчисининг ижодига бағишланган илмий анжуман ўтказди. Унда беларус адабиётшуноси, шоир ва таржимон Степан Лиходиевский маъруза қилди. Қайд этиш керакки, олим кўп йиллар давомида Ўзбекистонда яшаб, ўзбек адабиётининг кўпгина намуналарини рус ва белорус тилларига таржима қилган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида эса, Тошкент олим учун қадрдон шаҳарга айланди. Шу ерда унинг китоблари чоп этилди.

Яна бироз ортга назар ташлаб, 1932 йилда белорус ёзувчиларининг Ўзбекистонга сафари ҳақида тўхталмоқчиман. Ўшанда П.Глебко, И.Барашко, М.Хведорович Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Қўқон шаҳарларида бўлиб, халқ ҳаёти билан танишганди. Микола Хведорович “Ўзбекис­тонга” номли шеърида ўзбек пахтакорларининг меҳнатига тасанно айтгани ҳам бор гап.

1930-йилларда Мос­ква, Ленинград, Смоленск шаҳарлари ҳамда Украинада бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам белорус адабиёти кечалари ўтказилган. Тадбирнинг бирида қатнашган белорус шоири Андрей Александрович кейинчалик шундай ёзади: “…Биз ўз асарларимиз қаторида қардош халқлар шеъриятидан қилган таржималаримизни ўқидик… Бундай учрашувлар ўзаро ижодий муносабатлар ўрнатишга кўмак беради, қардошлик туйғулари ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлайди”.

Кўп ўтмай ўзбек шоири Уйғун Минскка меҳмон бўлиб келди. 1936 йилда у Совет ёзувчилар уюшмаси бошқаруви пленумининг шеъриятга бағишланган кенгайтирилган йиғилишида қатнашиб, Якуб Колас билан танишади. Орадан йиллар ўтиб, Уйғун Якуб Колас ижодидан кўп нарсаларни ўрганганини айтган.

Якуб Коласнинг Ўзбекистондаги ҳаёти алоҳида мавзу. Агар бу ҳақда гап очилса, кўплаб газета, журнал ва нашриётлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, шоир яшаган уй, уруш пайтида дўст тутинган ўзбек шоир ва ёзувчиларининг исм-шарифларини бирма-бир ёдга олишга тўғри келади. Якуб Колас Тошкент, Ўзбекистонга бағишлаб кўпгина шеърлар ёзгани бежиз эмас.

Белорус ёзувчи ва таржимонлари ўзбек адабиётини қизиқиш билан ўрганиб, Шарқ ўлкасининг бой тарихи ҳамда бугунидан ҳикоя қилувчи асарларни белорус ўқувчиларига етказишга ҳаракат қилди. 1946 йилда “Чырвоная змена” газетасида Ойбекнинг “Навоий” романи ҳақидаги мақола чоп этилди. 1948 йилнинг 15 майида Беларуснинг бир йўла иккита етакчи нашри — “Звяздза” ҳамда “Советская Белоруссия” газеталарида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолалар босилди. Ҳар иккисининг муаллифи истеъдодли ўзбек ёзувчиси Ойбек эди.

1966 йилда таниқли белорус ёзувчиси Алексей Кулаковский “Ўзбек ҳикоялари” номли тўплам тузди. Шу йилиёқ ўзбек шоирлари асарларидан ташкил топган “Солнце в арыках” номли тўплам белорус тилида чоп этилди. Иккала китобнинг сўзбоши муаллифи — Лазиз Қаюмов. “Ўзбек халқ эртаклари” тўплами ҳам белорус тилига таржима қилиниб, 1966 йилда Минскда нашр этилди. Аслида ўзбек халқ эртак­ларининг белорус тилидаги таржимаси 1959 йилда ҳам китобхонлар эътиборига ҳавола этилганди.

1967 йилда Минскда Зулфиянинг “Лирика” номли шеърий тўплами Эди Огнецветнинг кириш сўзи билан нашр қилинди. Айтиш керакки, Эди Огнецвет Иккинчи жаҳон уруши даврида Тошкентда яшаган. Унинг бир қанча шеърий тўпламлари 1942-1946 йилларда Тошкентда чоп этилган.

Зулфия белорус адабиёти тарғиботига беҳисоб ҳисса қўшган ижодкордир. У Янка Купала, Эди Огнецвет, Максим Танк шеърларини ўзбек тилига ўгирди, Янка Купала ижоди ҳақида қатор мақолалар эълон қилди. 1981 йилда “Гулистон” журналида Янка Купаланинг машҳур “Ким келяпти?” шеъри ўзбек тилида босилди. Бу таржима Минскда ҳам уч марта, жумладан, 2017 йилда Янка Купала шеърларининг 1001 тилга қилинган таржималари қаторида чоп этилган. Ўзбек таржимонларининг бу каби ибратли ишлари талайгина. Масалан, уларнинг хизмати билан Владимир Корбан масаллари, Кастуся Киреенко, Владимир Короткевич, Ригор Бородулин, Павел Ковалёв шеърлари ўзбек тилида жаранглади.

1985 йилда Зулфия­нинг белорус тилида нашр этилган шеърий тўп­лами “Менинг юрагим шундай” деб номланганди. Белорусларнинг ҳам юраги худди ўзбеклар каби дўстларга ҳамиша очиқ. Ўртамизда жуда катта масофа ва чегаралар бўлса-да, ўзбек-белорус адабий алоқаларини янада ривожлантиришга барча имкониятлар бор.

 

Александр КАРЛЮКЕВИЧ,

Беларусь Республикаси Ахборот вазири