Биттаси ҳам кўп

Ёшлар пресс-клубининг нав­батдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ёшлар қатнашди.

Тадбирда ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик сабаб ва оқибатлари, ҳар иккала ҳолатни бартараф этиш хусусида сўз борди. Соҳа мутасаддилари бу борада қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Мавзу юзасидан иштирокчиларнинг фикрлари тингланди.

— Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деб бежиз айтишмаган. Бугун жиноятлар халқдан яширилмаяпти, — дей­ди ёзувчи Тоҳир Малик. — Бу ютуғимиз, албатта. Айсбергни ҳамма тасаввур қила олади. Унинг учи сувдан чиқиб турса-да, кемаларнинг ҳалокатга учраб, чўкишига айнан пастки, яъни кўзимизга кўринмайдиган қисми сабаб бўлади. Жиноятчилик масаласида ҳам шундай. Биз ҳам кўпроқ ундан кейинги жараён билан қизиқамиз. Ваҳоланки, шу иллатнинг сабабларини аниқлашимиз, илдизига етишимиз керак. Томирига болта урмас эканмиз, жиноятчилик барҳам топмайди. Жамиятда битта жиноят содир этилса ҳам буни фожиа деб қабул қилишимиз керак.

Сессия давомида яқинда Юнусобод туманидаги тунги клуб­ларнинг бирида спортчи Жамшид Кенжаевнинг ўлимига сабаб бўлган жанжал тафсилотлари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур клуб жойлашган “Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси сўзга чиқиб, бу жойда аввал ҳам жиноятлар содир этилгани, қўриқчилар шартномасиз, шунчаки келишув асосида ишга олиниши, маҳалла аҳли тунги муассаса фаолиятидан норози бўлиб, тегишли ташкилотларга кўп бор мурожаат қилгани, аммо ижобий натижага эришилмаганини айтди.

— Қуръони каримнинг “Моида” сураси, 32-оятида “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади”, дейилган, — деб таъкидлади Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур. — Ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг асосий сабаб­ларидан бири уларнинг китобдан йироқлашиб, шафқатсизлик тарғиб қилинувчи фильмлар, компьютер ўйинларига берилиб қолганидир.

— Яна бир муаммо шуки, ушбу ҳолатларга нафақат мутасаддилар, балки аҳоли ҳам бефарқ, — дейди Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова. — Баъзилар ёшларимиз қинғир йўлга кириб кетаётганини кўриб, билиб турса-да, бепарво ўтиб кетаверади. Бу ҳақда  ота-онаси, яқинларини огоҳлантиришга оғринади. Наҳотки, бу билан ўзимизга- ўзимиз душманлик қилаётганимизни тушунмасак?!

Сессия давомида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ёшлар ўртасида жиноятчилик, хусусан, худкушлик ҳолатлари таҳлил қилиниб, муаммолар ечими юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Жавлон ВАФОЕВ