Бошқаларга ҳожат қолмайди

Сардорни болалигидан биламан, тил ўрганишга қизиқиши баланд эди. “Келажакда албатта хорижда таҳсил оламан”, дерди нуқул. Яхши ният яхши экан, бугун у АҚШдаги Вальпараисо университетининг магистри.

Мусофирчиликда, яқинларингдан узоқда бирон бир ютуққа эришиш осон эмас. Аммо ўқиб, изланиб, тажриба орттириб, барини юрт равнақи учун сафарбар этмоқчи бўлган ёшларимизнинг борлиги — бахтимиз.

Сардор Ёрмуҳаммедов 28 ёшда. Тошкент архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. Талабалик пайтида инглиз тилини пухта  ўрганган тенгдошимиз магистратура таълимини Европа ёки АҚШда олишни мақсад қилганди. Натижа узоқ куттирмади —  ниҳоят таклиф мактуби келди.

— Шундай бўлишига ишонгандим, — дейди Сардор. — Аммо бироз иккилангандим ҳам. Авваллари хорижда таълим олаётган опа-акаларим, дўстларимга жуда ҳавасим келиб, уларга маза — дунё кўради, деб ўйлардим. Бироқ ҳамма нарса ҳам кўринганидек бўлавермас экан. Мақсад учун курашиш керак. Айни пайтда ота-онам, яқинларим, асосийси, Ватаним олдида юзим ёруғ бўлиши учун тинимсиз ҳаракатдаман.

Қаҳрамонимиз мамлакатимиз ривожи учун ёшлар қандай ишларни амалга ошириши кераклигини бир-бир санаб, аввало, миллатнинг чин фарзанди — ватанпарвар бўлишимиз керак, дея қайта-қайта таъкидлади.

— Университетимизда хорижлик талабалар кўп эди, — давом этади С. Ёрмуҳамедов. — Ҳамма бир-бири билан яқиндан танишиш мақсадида ўзи туғилиб ўсган юрти ҳақида маълумот беради. Мен ҳам дўстларимга Ўзбекистонимиз ҳақида тўлқинланиб гапирдим. Тўғрисини айтсам, уни билмайдиган кўп эди. Шу боис шонли тарихимиз билан таништирганимда ҳайрон қолишди. Айниқса, улар Амир Темур, Алишер Навоий, Ал-Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ва Мирзо Бобур ҳақида эшитиб, шунча буюк алломалар она диёримиздан чиққанига ҳайратланди.

Келгусида етук мутахассислар сафига қўшилиб, билимларимни амалиётга татбиқ этсам, дейман. Ҳозирда пойтахтимизда бир қанча қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш устида иш олиб бораётган хорижий компания вакиллари ҳақида ўқиб, шундай тўхтамга келдим: ўзимиз билимли, таж­рибали бўлсак, четдан мутахассис чақиришга ҳожат қолмайди. Барчасини ўзимиз уддалаймиз.

Сардорнинг орзу-ният­лари, келажак режалари бир олам. У билим ва тажрибасини юрт ривожи учун сафарбар қилишига ишонамиз.

Тўмарис АЪЗАМ