Еттинчи ўринга кўтарилдик

Жорий йилда Осиё ўйинлари дастурига илк бор ўзбек миллий кураши киритилди. Қувонарлиси, бу йўналишда биринчи медаллар ҳам вакилларимизга насиб этди. 66 килограмм вазн тоифасида финалда Маъруф ўайбуллаев ҳамда Руслан Бўриев ўзаро куч синашди. Маъруфнинг қўли баланд келди.

90 килограмм вазнда эса, полвонимиз Нурбек Тўраев ярим финалда эронлик Жафар Паҳлавонийжагарҳга кичик ҳисобда мағлуб бўлиб, бронза медали билан кифояланди. Шу вазн тоифасида яна бир ҳамюртимиз Муҳсин Ҳисомиддинов финалда эронлик рақибини таслим этиб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди.

Шунингдек, Гулнор Сулаймонова финалда ҳиндис­тонлик Пински Балҳаранига бас келган бўлса, Дилдор Шерметова мўғулистонлик спортчини ерга қулатиб, жамоамиз ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди. Ойсулув Абдумажидова ва Мухлиса Абдумаликова бронза билан юртимизга қайтадиган бўлди. Яна бир полвонимиз Сарвар Шомуродов ҳисобида ҳам бронза медали бор.

Бадиий гимнастика бў­йича яккалик баҳсларнинг финалида Сабина Ташкенбаева кумуш медални қўлга киритди. Дзюдода эса, Диёрбек Ўрозбоевга тенг келадигани топилмади.

Учҳатлаб сакраш беллашувида Руслан Қурбонов мазкур йўналишда мамлакатимиз спорти тарихидаги илк кумуш медални қўлга киритди.

Бундан ташқари, баланд­ликка сакраш баҳсларида Светлана Радзивил 1,96 метр натижа кўрсатиб, Осиё ўйинлари рекордини янгилади ҳамда олтин медалга сазовор бўлди. Ушбу йўналишда яна бир спортчимиз Надия Дусанова иккинчи маррани эгаллади.

Мусобақанинг ўн биринчи кунидан сўнг вакилларимиз 12 та олтин, 17 та кумуш, 16 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида еттинчи ўринда бормоқда.

Ш.ЭркинОВ