Инвесторлар учун қулай ва ишончли мамлакатга айланамиз

Қўшнимиз Адҳам аканинг қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхонаси бор. Маҳсулотлари бозорда харидоргир. Яқинда шу одам ўз фаолиятини кенгайтириб, экспортга йўналтириш бўйича янги лойиҳаси борлиги, аммо уни амалга ошириш учун маблағи етарли эмаслигини айтиб қолди.

Бир хорижлик сармоядор қўшнимизнинг фаолияти билан қизиқиб, ҳамкорлик қилиш истагини билдирибди. Ўзаро келишиб олдилар. Аммо иш негадир юришмабди. Суриштирсак, айрим мутасаддилар турли баҳоналар топиб инвестиция киритиш жараёнини сунъий равишда пайсалга солаётган экан. Бу ҳолат, табиийки, хорижлик тадбиркорга ёқмабди ва у шартномани имзолашдан бош тортди. Афсус, агар вазият бошқача тус олганида ўнлаб янги иш ўринлари яратилар эдими.

Ҳар қандай сармоядор пировард натижада фойда олишни хоҳлайди. Йўқса, шунча пулни лойиҳага тикиб нима қилади?! Шу боис у инвестиция киритмоқчи бўлган мамлакатда тадбиркорлар учун яратилган шароитлару имкониятлар билан танишади. Муҳитни обдон ўргангач, бизнеси учун қулайлик сезсагина, иккиланмай сармоя киритади. Кейинги йилларда юртимизда мана шу меъёрга амал қилинмоқда. Бизнеснинг “олтин қоидаси” ҳам шу аслида. Ахир, инвестициядан нафақат сармоядор, балки миллий иқтисодиётимиз ҳам наф кўриши зарур-да.

Мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш мақсадида тадбиркорларнинг фаолиятига асоссиз аралашувлар чекланди, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-тамойиллари соддалаштирилди. Товар ва хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Сармоядорларга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилди. Шунга қарамай, ҳудудларда муайян камчиликлар ҳануз учраб турибди. Маҳаллий ҳокимият органлари, ҳатто вазирликлар даражасида мазкур масалада сансалорлик ва бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги инвесторлар хафсаласини пир қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 августдаги “Ўзбекистон Респуб­ликасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юқоридаги каби муаммоларни бартараф этиш, юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш йўлидаги дадил қадам бўлди.

Фармонга кўра, бундан буён маҳаллий ҳокимлик­лар инвесторлар билан янги тартибда иш олиб боради. Ўз вазифасини ҳалол бажараётган сармоядор ва тадбиркор давлат органи ёки мансабдор шахс томонидан қабул қилинган маъмурий ҳужжатга ишониб иш бошларкан, вақт ўтиши билан ушбу қарор юқори орган томонидан бекор қилинса, етказилган зарар давлат бюджети ва маҳаллий органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади. Бу эса, инвесторлар ишончли ҳимоя остига олинади деган гап.

Шунингдек, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари фақат шу жойдаги манфаатдор тадбиркорлар билан очиқ муҳокама ўтказилиб, фойда ва харажатлар ҳисоб-китоб қилингандан кейингина олиб қўйилиши мумкин. Бундан ташқари, тадбиркорга тегишли бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, аҳоли тураржойларини улар бозор қийматида баҳоланиб, пули қоплаб берилгач, бузилишига рухсат берилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Энди туман (шаҳар) ҳокимлари чет эл инвес­тицияси иштирокидаги корхоналарга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини эллик йилгача муддатга ижарага беришга ҳақли. Аҳамиятлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари чет эл сармояси улуши 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун инвесторлар билан шартномаларни тузиш ваколатига эга бўлди.

Жавлон ВАФОЕВ