Китоблар тафаккур кемаларидир

Ёзувнинг пайдо бўлиши ва китоб чоп этиш дастгоҳининг яратилиши инсоният тараққиётида кескин бурилиш ясади. Айтиш керакки, ундан кейинги воқеалар ҳам башарият тарихига мангу муҳрланган.

Одамзод яратган маънавий ва маданий бойликлар, умуминсоний қадриятлар, аввало, ёзма адабиётларда акс этади. Шу боис китобни ўз даврининг нодир қомуси дея таърифлаш ўринли. Инглиз файласуфи Френсис Бекон айтганидек: “Китоблар замон долғаларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларидир”.

Китоб — юксак та­факкур меваси. Унда алломаю донишмандларнинг дурдона фикрлари, энг сара ғоялари умумлашади. Демак, китоб мутолааси донолар билан ҳамсуҳбат бўлишдек гап. Бу машғулот илмга ташна қалбларга озуқа беради. Шу боис тараққий этган мамлакатларда китобхонликка эътибор бўлакча.

“Гоҳида одам китоб ўқиб турганида мутлақо ўзгариб қолади. Энг мағрур донолару ўта назокатли сиймолар ҳам, энг содда ва энг валий одамлар ҳам бу жозиба қаршисида бўйин эгади”, — деган эди машҳур француз ёзувчиси Виктор Гюго. Китобларда шундай қаҳрамонлар учрайдики, улар одамийлик, жасорат ва матонат каби улуғ сифатлари билан ўқувчига ибрат, намунадир. Инсоний муносабатлар очиб берилган асарларда ҳам шундай. Масалан, севги-муҳаббат, сабр-қаноат садоқат сингари гўзал туйғулар мадҳ этилувчи “Юсуф ва Зулайҳо” қиссасини олайлик. Мумтоз шарқ шеърияти намояндалари бу асарга қайта-қайта мурожаат қилган. Ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин.

Навоийнинг шоҳ асари — “Хамса” дос­тони халқимиз маънавий бисотидаги улкан бойликдир. Неча асрлар ўтса ҳамки, у одамларга завқу шуур улашиб келмоқда. Ҳа, бундай китобларни ўқиган инсон юз йиллик­лар давомида йиғилган маърифат инжуларини қисқа вақт мобайнида ўзлаштира олади. Демак, китоб — тараққиётга янада тезроқ эришиш имкониятини берувчи восита. Турмуш ва маданият даражаси юксак халқлар тарихда ўтган буюк олиму адиблар асарлари билан танишмас экан, кўзлаган мақсадига эришиши амри маҳол. Инчунин, Ҳофиз ва Бедилни, Навоий ва Бобурни, Умар Хайём ва Саъдийни, Гёте ва Шекспирни, Чингиз Айтматов ва Маркесни билмаган, уларнинг адабий меросидан баҳраманд бўлмаган замондош­ларимиз кўп нарсадан мосуво.

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 12 майда имзоланган “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари китобхонликни оммалаштириш учун кенг имкониятлар яратди. Ўтган ҳафтада пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро конференция ҳам миллий адабиётимизни тобора юксалтириш, ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини жаҳон миқёсига олиб чиқиш, дунё халқлари билан адабий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши аниқ.

Умуман олганда, жаҳон билан тенгма-тенг мулоқотга киришиш, миллий қадриятларимизга асосланган фуқаролик жамиятини барпо этиш учун ҳам саводли ва ўқимишли инсонлар керак. Бошқача қилиб айтганда, мамлакат келажаги қандай бўлишини бугунги ёшларнинг интеллектуал савияси белгилаб беради. Хулоса ўрнида яна ўша гап: навқирон авлод китоб билан ошно бўлмагунча юксала олмайди.

Ғуломжон ТОҒАЕВ,

Самарқанд давлат архитектура ва

қурилиш институти ўқитувчиси