Маънавиятсиз ҳаёт маъносиздир

Ёшлар пресс-клубининг навбатдаги сессиясида ёшлар маънавияти масаласи муҳокама этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Даставвал мутахассислар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида юртимиз бўйлаб ўтказилган тарғибот акцияси ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ҳам шарҳлаб ўтилди.

Муҳокама жараёнида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш борасида фикр-мулоҳаза юритилиб, жўяли таклифлар ўртага ташланди.

Азамат ЗИЁ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ҳозир айрим ижтимоий тармоқлар ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида маънавият тушунчаси ҳақида нотўғри фикрлар тарқатилмоқда. Гўё маънавият бу адашиш эмиш. Мутлақо нотўғри гап! “Маънавият бизга керак эмас”, дея бонг урилмоқда. Бундай хуружлардан аҳолини, айниқса, ёшларни ҳимоя қилиш зарур. Уларга миллий қад­риятларимизнинг миллат равнақидаги аҳамияти ҳақида кўпроқ маълумот бериб, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз керак. Зеро, маънавиятсиз ҳаёт маъносиздир.

Азизбек ОДИЛОВ, Республика ёш тарғиботчилар маркази координатори:

— Маънавиятни мажбурлаб сингдириб бўлмайди. Бунинг учун маърифатпарвар устозлар сабоғини олиш, бола тарбиясида ота-оналар масъулиятини кучайтириш, ўқитувчиларнинг обрў-нуфузини кўтариш керак. Оила ва таълим муассасаси ҳамкорлигини тизимли йўлга қўя олсак, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлай олган бўламиз. Муҳими, маънавий юксалишга эришамиз. Ижтимоий тармоқларда маънавият ҳақида қуруқ баҳс-мунозара олиб боргандан кўра, конструктив танқид, тўғри ечим ва амалий ҳаракат керак.

Шаҳноза НУРУЛЛАЕВА