Сайёҳлар фильм орқали Ўзбекистонни таниди

Хитойнинг Цзянсу провинцияси телерадиокомпанияси “Ўзбекистон — кўҳна цивилизация, бой тарих ва маданиятга эга мамлакат” номли ҳужжатли фильмни намойиш этди. Унда ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳамда замонавий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильм мамлакатимиз элчихонаси томонидан телерадиокомпанияга тақдим этилган видеоматериаллар асосида тайёрланган. Шу аснода хитойликларга ҳужжатли фильмда Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива сингари тарихий шаҳарлар, улардаги бетакрор меъморий обидалар, қолаверса, халқимизнинг ўзига хос урф-одат ва анъаналари ҳақида атрофлича маълумот берилган.

Ҳужжатли картина шариф шаҳар — Бухоро таърифи билан бошланади. “Мамлакат ҳудудида жойлашган кўҳна ва эртакмонанд Бухоро ўзининг гўзаллиги билан хорижлик саёҳатчиларни ҳамон ҳайратга солиб келмоқда. Айтиш­ларича, бу шаҳарда Шарқ сеҳри мужассам”, — дейди хитойлик журналист. Ҳужжатли фильмда Бухоронинг барча диққатга сазовор масканлари ўз аксини топган.

Цзянсу телерадиокомпания­си ўз томошабинларини кўҳна Хива билан ҳам яқиндан таништиради. “Очиқ осмон остидаги музей-шаҳар. Хорижлик саёҳатчилар Хивани ана шундай таърифлайди. Бу дунёнинг бутун шаҳар ҳолатида сақланиб қолган ноёб гўшасидир”, — дейилади кадр ортидан.

Фильм ижодкорлари Хоразмнинг Буюк ипак йўлидаги халқаро савдо маркази бўлгани, Хива эса, унинг том маънодаги муҳим нуқтаси саналганини алоҳида қайд этади.

Томошабинларни мамлакатимизнинг бош кенти — азим Тошкент билан таништирар экан, телерадиокомпания бу шаҳарда жойлашган тарихий меъморий обидалар ва замонавий бинолар ўртасида ажойиб уйғунлик мавжудлигини алоҳида таъкидлайди. Мегаполисдаги гавжум бозорлардан биридаги шарқона манзаралар лавҳалари ҳам хитойликларда катта қизиқиш уйғотиши тайин.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжатли фильм Нанкин шаҳри марказидаги баланд бино ва иншоотлар деворларига ўрнатилган билбордлар орқали ҳам узлуксиз намойиш этилди. Бундан ташқари, Хитой йўлдош телевидениесининг барча каналлари орқали томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган, қолаверса, Хитойдаги ўндан ортиқ ижтимоий тармоқларга ҳам тарқатилди. Бу, ўз навбатида, Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида яшовчи ва хитой тилида сўзлашадиган аҳолига ҳам ушбу медиамаҳсулот билан танишиш имконини яратди.