Хитойлик мутахассислар тилидамиз

Демократик ва инновацион тараққиёт йўлида бораётган Ўзбекистон илғор хорижий тажрибани ўрганишда давом этмоқда. Шу асосда ислоҳотлар жараёнини тўғри ўзанга солишга интиляпмиз. Юртимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга дунё жамоатчилиги ҳам бефарқ эмас. Буни халқаро экспертларнинг оммавий ахборот воситалари орқали билдираётган фикр ва муносабатлари ҳам тасдиқлайди. Бу сафар хитойлик мутахассисларнинг мулоҳазаларини жамладик.

Шимолий Хитой технология университетининг халқаро идораси директори ўринбосари Хю Мей парламент ваколатларини кенгайтириш зарурати хусусида сўз юритар экан, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар ҳамда мамлакатни модернизациялаш жараёнида Олий Мажлиснинг ўрнини, шунингдек, сиёсий партиялар таъсирини янада кучайтириш масалалари 2017 йил февраль ойида Президент фармони билан тасдиқланган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да устувор вазифа сифатида белгиланганини қайд этади.

“Ўзбекистонда парламентни изчил, узлуксиз ва тадрижий ривожлантириш, унинг давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасидаги ролини оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилганидан яхши хабардорман, — дейди Хю Мей. — Мамлакатда парламент назоратининг янги шакл ва механизмларини жорий қилиш, сиёсий партиялар фаоллашуви, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш муҳимлиги тўғрисидаги стратегияни қўллаб-қувватлайман”.

“Ипак йўли” халқаро савдо палатасининг ташкилот аъзолари билан алоқалар бўлими директори ўринбосари Ванг Йингчун жорий йил май ойида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтган ахборот-коммуникация технология­лари ва инновациялар бўйича сармоявий саммит юзасидан фикрлари билан ўртоқлашиб, тадбирда муҳокама этилган АКТ тармоғини тубдан такомиллаштириш бўйича 2018 – 2019 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”нинг муҳим бандлари, соҳани ривожлантириш истиқболлари ва муаммолари билан бирга, бу йўналишда таълим бериш ҳамда давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигига алоқадор масалалар шахсан ўзида алоҳида қизиқиш уйғотганини айтади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, айни замонда бошқа соҳалар сингари бизнес тараққиётини ҳам ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг бу йўналишда олиб бораётган сиёсати шундан далолат берадики, мамлакат АКТ ва инновацияларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. 2018 йил республикада “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас.

“Фикримча, бу жуда тўғри йўл, — давом этади Ванг Йингчун. — Чунки бугунги кунда ҳар қайси мамлакатнинг истиқболини ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион янгиланишлар белгилаб бермоқда”.