Япон матбуоти диққатини тортдик

Япониянинг қатор оммавий ахборот воситалари юртимиз сайёҳлик салоҳиятига доир материаллар узатиш орқали кунчиқар мамлакат вакилларини Ўзбекистонни кўришга чорламоқда.

Масалан, “Komei Shimbun” газетаси мухбири Нобуо Сугияма муштарийларга Ўзбекистон азалдан Шарқ жавоҳири, деган ном билан тилга олинганини эслатади. Журналист Буюк ипак йўлида жойлашганимиз савдо ҳамда маданий алоқалар алмашинуви ва умуман, минтақа ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаган. Бундан ташқари, муаллиф республикамиз ҳудудида нафақат исломий маданият, балки буддизм динига алоқадор кўплаб осори атиқалар сақланиб қолганини алоҳида таъкидлайди.

Яна бир оммабоп нашр —
“Tokyo Shimbun” газетасининг ёзишича, 2018 йил февралидан эътиборан, дунёнинг етти давлати, шу жумладан, Япония фуқаролари Ўзбекистонга визасиз келиши мумкин. Материал муаллифи Сеиджи Хара юртимизга ташрифи чоғида Тожикистон билан чегара пунктига бориб, икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг гувоҳига айланганини ёзади.