Қадримиз тикланса қанийди

Ярим тун, соат миллари 3:30ни кўрсатмоқда. Мен эса, ҳамон қоғозга кўмилиб ўтирибман. Ёзув-чизувнинг охири кўринмайди. Онаизоримнинг ҳам уйқуси келмайди. Ора-сира эшикдан мўралаб: “Болам, энди дамингни ол”, — дейди. “Иложи йўқ, ойи”, — дейман. Тонг отади. Оёғимни ерга боса олмайман, кўзларим қизарган…

Қоғозларни сумкага жойлаб, мактабга чопаман. Эрталабдан йиғилиш. Мазмуни — текширув келармиш, дарсларга кирармиш. Бош ғувиллайди. Текширувга бало борми?! Келса, эълон қилмай, текшириб кетавермайдими. Директор шеригимга маънавият хонасига дастурхон тузашни топширди. Менга эса, ўқувчиларини гуруҳимга қўшиб дарс ўтишни буюрди. Яна ким бозорга, табака ёки кабоб буюртма беришга жўнатилди.

Қўнғироқ чалинди. Энди дарсни бошлаб, ўқувчилар диққатини жамлаб турганимда, эшик тақиллаб, етакчининг боши кўринди.

— Кечаги қоғозлар бўлдими, бериб юборинг.

Туни билан тўлдирган қоғозларнинг бир қисмини унинг қўлига тутқаздим. Етакчини кузатган эдимки, хонага сўроқсиз-нетсиз илмий мудир кириб келди.

— Ҳамма келганми, конспект, режалар жойидами?

— Ҳаммаси жойида, — дейман ҳорғин овозда. Хуллас, мактаб маъмуриятидан тортиб, қоровулгача кириб келаверади.

Мен юқоридаги мисол орқали ўқитувчининг қирқ беш дақиқалик дарсида рўй берадиган одатий жараёнлар ҳақида гапирдим. Бу фаолиятимиздаги асаббузарлик ҳолатларининг бир қисми, холос.

14 август куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини мамнуният билан қарши олдим. Унда таълим соҳасидаги оддий ва одатий ҳолатлардан, энг оғриқли муаммоларигача
эътиборга олингани ғоят қувонарлидир. Шулардан бири ўқитувчининг қадрини ошириш, демакки, ёш авлод билим пойдеворини мустаҳкам қуришга қаратилгани таҳсинга сазовор. Ахир, бизда ўқитувчи жамиятнинг бепул дастёри, қоғоз тўлдирувчи мирзасига айланиб қолганди-да. Оқибатда ўқитувчининг ўқувчи билан ишлашга, дарсларни қизиқарли ўтишга фурсати қолмаганди. Таълим мутасаддилари соҳада хаёлига келган “кашфиёт”ларни қилгани-қилган. Бу эса, устозни ҳолдан тойдирди. Ўқитувчи берилажак билимни энг осон йўл билан сингдириши мақсадга мувофиқ. Турли семинарлар, йиғин ва сох­та очиқ дарс­лар ўқитувчининг олтинга тенг вақтини ўғирлайди. Ундан кўра, ўзлаштиришга қийналаётган битта ўқувчи билан астойдил ишласа, ўша фойда. Ўқитувчи бола тилини тушунсагина, унинг кўнглига йўл топа олади.

Куни кеча “Маърифат” газетаси бош муҳаррирининг Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан суҳбатини ўқиб, ғоят таъсирландим. Вазиримизнинг эркак ўқитувчиларни мактабларга қайтариш ҳақидаги фикри кўнг­л­имдаги гап бўлди. Дарҳақиқат, бу илм даргоҳидаги тартиб-интизомнинг ижобий бўлишига ёрдам беради. Ўзим ҳам жамоамизда асосан аёллар бўлгани учун андак хижолатда юрардим.

Вазиримиз суҳбатда бир мисолни ҳам келтирди. Япония бош вазиридан давлат иқтисодиёти қандай қилиб шу даражага етгани ҳақида сўралганида, у: “Ўқитувчига император ҳурматини, бош вазир маошини, дипломат дахлсизлигини бериш эвазига”, — деган экан.

Янги ўқув йилини яхши кайфиятда бошламоқдаман. Билимлар куни арафасида ўқитувчи ва мураббийлар ижтимоий мавқеи ҳамда нуфузини ошириш, моддий-маънавий рағбатлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар мен ва ҳамкасбларимнинг руҳини тоғ қадар кўтара олди.

 

Илҳом АБДУЛЛАЕВ,

Янгийўл туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси